Непал полициясининг 26 август куни эълон қилган маълумотларига кўра, табиий офат қурбонлари сони камида 157 нафарга етган.

Аввалроқ 384 киши, жумладан, 290 нафар хорижлик бедарак йўқолгани хабар қилинган эди. Непал Туризм вазирлиги эса кейинроқ бедарак йўқолган хорижий фуқаролар сонини 341 нафар деб кўрсатган.

Dpa агентлиги Nepal Tourism миллий туризм ташкилоти маълумотларига таяниб хабар беришича, қутқарувчилар Германия, Испания, Нидерландия, АҚШ, Австралия, Буюк Британия ва бошқа давлатлардан келган сайёҳларни ҳам қидирмоқда.

Маълумотларга кўра, бедарак йўқолган хорижий сайёҳларнинг энг катта қисмини Ҳиндистон фуқаролари ташкил этади.

Непал полицияси Хитойнинг Тибет ҳудуди билан чегарада бедарак йўқолганлар орасида 26 нафар полиция ходими ҳам борлигини маълум қилди.

Расмийлар ҳалок бўлганлар ва жабрланганларнинг якуний сони, шунингдек, табиий офат етказган зарарнинг умумий кўлами кейинроқ маълум бўлишини билдирган.

Сув тошқинига айнан нима сабаб бўлгани ҳозирча аниқ эмас. Dpa маълумотига кўра, табиий офат музлик кўлининг тўсатдан ёрилиб кетиши натижасида келиб чиққан бўлиши эҳтимоли ҳам кўриб чиқилмоқда.

Сув тошқини Тибетдан бошланиб, Непалнинг Багмати-Прадеш провинцияси орқали оқиб ўтувчи Бхоте-Коши дарёсида сув сатҳининг кескин кўтарилиши ортидан содир бўлган.

Дарё бўйида жойлашган аҳоли пунктлари, хусусан, Тимуре ва Сяпрубеси табиий офатдан энг кўп зарар кўрган ҳудудлар қаторида қайд этилган.

Сув бозор ҳудудлари ва турар жойларни босган. Полиция бўлинмалари ва гидроэнергетика объектларига жиддий зарар етган, кўприклар ҳамда автомобил йўллари вайрон бўлган.

Ҳодиса жойида қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Қизил Хочнинг минтақавий бўлими Расува ҳудудига гуманитар юклар билан фавқулодда ёрдам гуруҳини юборган.

Непал бош вазири Балендра Шох қутқарув операцияларига мамлакат армияси ва хавфсизлик хизматлари ҳам жалб қилинишини маълум қилган.

Табиий офат Хитой томонида ҳам оғир оқибатларга олиб келган. Хитойнинг «Синхуа» давлат ахборот агентлиги маълумотига кўра, 26 август куни эрталаб содир бўлган кўчкидан кейин Хитой жануби-ғарбидаги Гиронг округида жойлашган шу номдаги назорат-ўтказиш пунктида кўплаб ҳалок бўлганлар, жабрланганлар ва бедарак йўқолганлар қайд этилган.