Хитой жануби-ғарбидаги Сичуан провинциясида жойлашган Шуанцзянкоу гидроэлектростанциясида биринчи босқичдаги барча учта гидроагрегат фойдаланишга топширилди.
Даду дарёсида барпо этилган мазкур ГЭС Хитойнинг йирик миллий энергетика лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Станциядаги тўғон баландлиги 315 метрга етади ва манбада у дунёдаги энг баланд тўғон сифатида қайд этилган.
Шуанцзянкоу ГЭСнинг умумий ўрнатилган қуввати 2 миллион киловатт, яъни 2 ГВтни ташкил этади. Лойиҳа бўйича станцияда ҳар бирининг қуввати 500 минг киловаттдан бўлган радиал-ўқли турбиналарга эга тўртта гидроагрегат ишлаши кўзда тутилган.
ГЭС сув омборининг ҳажми эса 2,9 миллиард кубометрга етади.
Шуанцзянкоу ГЭСда биринчи гидроагрегат июнь ойида ишга туширилган. Шундан сўнг мутахассислар яна иккита агрегатни босқичма-босқич фойдаланишга топширди.
Натижада биринчи босқичда режалаштирилган учта гидроагрегат ишлай бошлади.
Қўшимча қувватларнинг ишга туширилиши ёз мавсумида электр энергиясига талаб юқори бўлган даврда Чэнду—Чунцин иқтисодий минтақасида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имконини берган.
Манбага кўра, Шуанцзянкоу ГЭС ҳозирга қадар жами қарийб 500 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарган.
Бу Сичуань провинцияси ҳамда Чэнду—Чунцин минтақасини ёзги юқори талаб даврида электр энергияси билан таъминлаш имкониятларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Шуанцзянкоу нафақат электр энергияси ишлаб чиқарувчи объект, балки Даду дарёсининг юқори оқимидаги муҳим тартибга солувчи гидротехник иншоот ҳам ҳисобланади.
Станция бир вақтнинг ўзида бир нечта вазифани бажаради: электр энергияси ишлаб чиқаради, сув ресурсларини тақсимлашда иштирок этади ва ҳудудларни сув тошқинларидан ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Лойиҳа тўлиқ қувватга чиқиши учун станциядаги тўртинчи гидроагрегат ҳам ишга туширилиши керак.
Барча тўртта агрегат фойдаланишга топширилгандан кейин Шуанцзянкоу ГЭС йилига қарийб 7,7 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариши кутилмоқда.
Бундан ташқари, мазкур ГЭС сув оқимини тартибга солиши ҳисобига дарёнинг қуйи қисмида жойлашган каскад гидроэлектростанцияларда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ҳам ошириш имкони пайдо бўлади.









