Путин музокараларга қайтишга рози
Украинадаги урушни тугатиш бўйича февралдан буён тўхтаб турган уч томонлама музокаралар келаси ойда қайта бошланиши мумкин. Кремлга кўра, президент Владимир Путин 21 октябр куни АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф билан учрашувда бунга рози бўлган.
Техник даражадаги АҚШ-Россия-Украина музокаралари 10 ноябрдан кейин Абу-Дабида ўтиши мумкин. Улар уруш тугагач, Украина ва Россия хавфсизлигини қандай кафолатлаш масаласига қаратилади.
Reuters’нинг ёзишича, қарийб уч соат давом этган учрашув Москванинг хайрихоҳлик ишораси билан бошланди: Россия Трамп озод қилишни сўраган 74 ёшли америкалик Стивен Ҳаббардни қўйиб юборди. Ҳаббард 2022 йилда Украинада қўлга олинган ва ёлланма жангчиликда айбланиб, қарийб етти йилга қамалганди. Трамп бу озодлик учун ҳеч қандай «алмашув» керак бўлмаганини ёзди.
Уиткофф Путинга бир кун аввал Ослода ўтган музокараларда «маълум даражада илгарилаш» бўлганини айтган. Бироқ Кремл улардан унчалик мамнун эмас. «Бу нюанслар таъбир жоиз бўлса, бизни тўлиқ қаноатлантирмайди», деди Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков.
Шу билан бирга Россия президенти ёрдамчиси можарони якунлаш истиқболлари ҳақида «Билмадим, биз қанчалик яқинмиз, аммо иш шунга қараб бормоқда», деди.
Петербургдаги учрашувда Эрон масаласи ҳам кўтарилган. Путин Эрон билан келишувга эришиш мумкин ва зарурлигини айтиб, бу борада АҚШга ёрдам таклиф қилди. Томонлар, шунингдек, келаси ойда Хитойда Трамп ва Си Жинпинг иштирокида бўлиши мумкин бўлган учрашувни ҳам муҳокама қилган. Кремл Пекин бундай учрашувга тайёргарлик кўраётганини маълум қилди.
АҚШ Саудиядан дипломатларини олиб чиқмоқда
Ҳусийларнинг Саудия Арабистонига ҳужумлари кучайгани сабаб АҚШ қиролликдаги дипломатларининг бир қисмини олиб чиқмоқда. Давлат департаменти расмий вакилига кўра, буйруқ «фақат Саудия Арабистонидаги шошилинч бўлмаган АҚШ ҳукумати ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига» тегишли. Бироқ америкалик расмийларнинг Reuters'га айтишича, Форс кўрфазидаги бошқа давлатларда жойлашган АҚШ ваколатхоналари ҳам ходимларнинг оила аъзоларига кетишни буюради.
«Ҳусийларнинг фуқаро аэропортлари ва бошқа муҳим инфратузилмага қилинган ҳужумлари тинч аҳоли орасида қурбонларга ва қатновларнинг жиддий издан чиқишига олиб келмоқда», деди Давлат департаменти вакили.
















