«Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Ички ишлар вазирлигининг Фарғона, Жиззах, Тошкент ва Сурхондарё минтақавий ўқув марказлари юридик шахс мақомини сақлаб қолган ҳолда Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг Фарғона, Жиззах, Тошкент ва Сурхондарё филиали сифатида қайта ташкил этилади.
Бунда:
2027 йил 1 январдан ташкил этилаётган филиаллар бошлиқлари, ходимлари ва ўқитувчилари учун тегишлича Институт бошлиғи ўринбосари, ходимлари ва ўқитувчилари лавозимларига белгиланган пул таъминоти тартиби ва миқдорлари қўлланади;
Институтнинг Нукус филиали касбий тайёргарлик факультети Малака ошириш институти Нукус филиалининг Сержантлар тайёрлаш маркази сифатида қайта ташкил этилади;
вазирлик ва идораларнинг ҳарбийлаштирилган ва қоровуллик қўриқлаш бўлинмалари мутахассисларини Институт ва унинг филиалларида ўқитиш тўлов-контракт асосида (1 нафар тингловчи учун 1 академик соатга БҲМ 12 фоизи миқдорида) амалга оширилади.
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Ички ишлар вазирлиги академияси (Академия) таълим жараёни босқичма-босқич дунёнинг топ–1000 талик рейтингга кирган университетлари ҳамда “Янги Ўзбекистон” университети тажрибаси асосида қуйидаги тартибда тубдан такомиллаштирилади:
Академияда “таълим – тадқиқот – амалиёт” интеграциясини таъминлаш ҳамда кадрлар тайёрлаш тизимини илғор халқаро академик моделлар асосида ташкил этиш мақсадида мактаблар (school) тизими жорий этилaди;
Академия факультетлари ва кафедралари мақбуллаштирилиб, улар негизида мактаблар ва шўъбалар ташкил этилади.
Қарорга кўра, 2026/2027 ўқув йилидан Академияга ўқишга қабул қилиш тартиби ва кадрлар тайёрлаш жараёнига қуйидаги механизмлар жорий этилади:
вазирлик, республика ва халқаро миқёсдаги хакатон ҳамда стартап лойиҳалари ғолиби бўлган Ички ишлар вазирлиги академик лицейлари ўқувчилари Академия бакалавриати таълим йўналишининг кундузги таълим шаклига дастлабки ва махсус касбий танловдан муваффақиятли ўтгандан сўнг белгиланган қабул квоталари доирасида ўқишга якка тартибдаги якуний суҳбатсиз қабул қилинади;
















