29 октябр куни Туркия Каппадокиясида очиқ осмон остидаги Гёреме музейининг кириш қисмидаги қоя қулаб тушди.
CNN Turk телеканали маҳаллий расмийларга таяниб хабар беришича, кучли ёғингарчилик оқибатида қоядан тош парчалари ажралиб, одамлар турган ҳудудга тушган.
Харобалар остидан икки кишининг жасади топилган. Бир киши жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилган.
Воқеа жойида қидирув-қутқарув ишлари давом эттирилмоқда.
Ёмғир ва кучли шамол туфайли 29-30 октябр кунлари Каппадокияда ҳаво шарларида учиш бекор қилинганди.
Тарихий Каппадокия вилоятидаги Гёреме миллий парки – очиқ осмон остидаги тарихий-археологик музей ҳисобланади. Бу жой сайёҳлар учун ҳаво шарларида экскурсиялар уюштирилиши билан машҳур. Каппадокияда кўплаб ғор манзилгоҳлари, жумладан, ер ости шаҳарлари ва қояларни ўйиб ясалган монастирлар сақланиб қолган.
















