Президент Шавкат Мирзиёев рафиқаси ҳамроҳлигида амалий ташриф билан Анқарага борди ва Туркиядаги ватандошлар билан учрашди.

Давлат раҳбари юртдошлар билан суҳбатлашиб, уларнинг ҳаёти, ўқиши ва келажак режалари билан қизиқди.

– Яна бир бор ватандошларимни кўриб турганимдан хурсандман. Қаерда бўлманглар, бир дақиқа ҳам вақтингизни беҳуда ўтказманглар. Доимо илмга, билим олишга, ўрганишга интилинглар. Бу жонажон Ватанимиз, буюк Ўзбекистонимиз келажагига қўшадиган ҳиссангиз бўлади, – деди президент.

Президент матбуот хизматига кўра, мулоқотда ёшларга қаратилаётган эътибор мамлакатнинг узоқ истиқболи билан боғлиқ экани таъкидланди. Давлат раҳбари улуғ аждодларнинг илмий мероси ва қадриятлари тикланаётганига тўхталиб, ватандошларимиз Янги Ўзбекистон тараққиётига кўмакдош бўлишига ишонч билдирган.

– Мен ватандошларимизни доимо соғиниб, эслаб юраман. Сизларнинг яхши яшашингиз, Ватанга қайтиб, унинг равнақига муносиб ҳисса қўша олишингиз учун Ўзбекистонда барча шароитларни яратишга ҳаракат қиляпмиз. Илм олиш, билим эгаллаш, уй-жойли бўлиш учун имкониятларни кенгайтиряпмиз, – деган президент Шавкат Мирзиёев ва ватандошларимизга муваффақиятлар тилаган.