Оҳангарон шаҳрида боғчада содир бўлган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура расмий баёнотида маълум қилинди.
Аниқланишича, 2026 йил 28 август куни Оҳангарон шаҳридаги давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси (2023 йилда туғилган ўғил бола) боғча ошхонасида турган ҳашаротларга қарши дори воситасини истеъмол қилиб, заҳарланган.
Шаҳар тиббиёт бирлашмасида кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан бола орадан 2 кун ўтиб, 30 августда вафот этган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши доирасида 1 нафар шахс гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.
“Тергов ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиб, ҳар бир аниқланган ҳолатга қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо берилади”, дейилади расмий баёнотда.
Тергов натижалари ҳақида қонунчиликда белгиланган тартибда маълум қилиниши билдирилган.
Аввалроқ Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳам ҳолат юзасидан расмий муносабат эълон қилганди. Унда боланинг бувиси боғчада ошпаз бўлиб ишлагани, ҳодиса тарбияланувчи бувисининг ёнига, ошхонага кирган вақтда содир бўлгани айтилган.

















