Jeddah Tower, шунингдек, JEC Tower ва Kingdom Tower номлари билан танилган осмонўпар бино қуриб битказилгач, дунёдаги энг баланд иморат бўлиши кутилмоқда. Унинг аниқ якуний баландлиги очиқланмаган, бироқ 1000 метрдан ошиши маълум қилинган. Бу ҳозир эришилган баландликдан икки баравардан ҳам кўпдир.

Лойиҳа амалга ошса, Жидда минораси Дубайдаги «Бурж Халифа»нинг рекордини янгилайди.

Минорани осмонўпар бинолар лойиҳалашга ихтисослашган AS+GG архитектура бюроси ишлаб чиққан. Унинг асосчилари — Эдриан Смит ва Гордон Гилл. Смит аввал Skidmore, Owings & Merrill компаниясида ишлаган пайтида «Бурж Халифа»ни лойиҳалашда ҳам қатнашган.

Жидда минораси ҳозирнинг ўзида АҚШнинг иккинчи энг баланд биноси — Ню-Йоркдаги Central Park Tower’дан бироз баландлаган. Ушбу осмонўпар бино ҳам AS+GG томонидан лойиҳалаштирилган.

Жидда минорасига 59 та лифт ўрнатиш режалаштирилган. Бино ичида ҳашаматли меҳмонхона, офислар, кенг апартаментлар ва сайёҳлик объектлари жойлашади. Шунингдек, дунёдаги энг баланд томоша майдончасини барпо этиш ҳам кўзда тутилган.

Минора Саудия Арабистонининг Жидда порт шаҳрида қурилаётган янги шаҳар ҳудудининг марказий иншооти бўлади. Лойиҳани Kingdom Holding компанияси амалга оширмоқда.

Қурилиш 2013 йилда бошланган, бироқ кейинчалик ишлар 60-қават даражасида тўхтаб, бир неча йилга чўзилган танаффус юзага келган. Ўша даврдаги нашрлар кечикишларни, жумладан, қиролликдаги сиёсий жараёнлар ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон бошлаган тозалашлар билан боғлаган.

Ҳозир қурилиш қайта давом этмоқда. Минора Саудия Арабистонининг айрим бошқа мегалойиҳалари, жумладан, Mukaab кубсимон осмонўпар биноси ва The Line — «Кўзгулар чизиғи» шаҳри жиддий қийинчиликларга дуч келаётган бир пайтда қад ростламоқда.

Жидда минораси қурилишини 2028 йил охирида якунлаш режалаштирилган.