Бу ҳақда Марказий банкнинг Ўзбекистон тўлов баланси, халқаро инвестициявий мавқеи ва ташқи қарзи бўйича 2026 йил биринчи ярми ҳисоботида маълум қилинган.

Ҳисоботда таъкидланишича, корпоратив ташқи қарз таркибида хусусий сектор, жумладан, тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат кафолатисиз жалб этилган ташқи қарзлар акс эттирилади.

Марказий банк корпоратив ташқи қарз бўйича давлат мажбурияти мавжуд эмаслигини қайд этган. Бундай қарзлар бўйича тўловлар хўжалик субъектлари ва банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Давлат ташқи қарзи кўрсаткичи эса ҳисобланган, аммо ҳали тўланмаган фоизларни ҳам қамраб олади. Шунингдек, суверен халқаро облигациялар қиймати ҳисобот санасидаги бозор нархлари асосида қайта ҳисобланган.

Ҳисоботда ташқи савдо кўрсаткичлари ҳам келтирилган. Биринчи ярим йилликда товарлар ва хизматлар экспорти 15,4 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,6 фоизга қисқарган. Бунга асосан олтин экспортининг камайиши таъсир қилган. Айни пайтда олтинсиз товарлар экспорти 27 фоизга, хизматлар экспорти эса 45 фоизга ўсган.

Импорт ҳажми 24 фоизга ошиб, 28,8 млрд долларга етган. Натижада товарлар ва хизматлар савдосидаги манфий фарқ 13,4 млрд долларни ташкил қилган.

Бирламчи ва иккиламчи даромадлар ҳисобидаги ижобий қолдиқ бу фарқни қисман қоплаган. Якунда жорий операциялар ҳисоби қарийб 6,2 млрд долларлик тақчиллик билан шаклланган.