Хитойда Monjaro номи билан машҳур бўлган янги Geely Xingyee L Plus автомобилининг илк суратлари намойиш қилинди. Автомобил катталашган, бироқ ўзига хос дизайн хусусиятларини сақлаб қолган.

Хитойнинг Саноат ва ахборотлаштириш вазирлиги Европа бозорида Monjaro номи билан танилган Geely Xingyee L Plus кроссоверининг дастлабки суратлари ва техник маълумотларини эълон қилди.

Янги моделнинг габаритлари ҳозирги версияникидан каттароқ: автомобилнинг узунлиги 4955 мм (160 мм га узунроқ), эни — 1960 мм, баландлиги — 1769 мм.

Дизайн модел қаторининг ўзига хос хусусиятларини сақлаб қолган: олд қисмида вертикал хромланган унсурларга эга массив радиатор панжараси, орқа қисмида эса юкхона қопқоғи бўйлаб яхлит чироқ чизиғи билан бирлаштирилган чўзинчоқ фонарлар кўзга ташланади. Ранглар палитрасида кузовни икки рангга бўяш опцияси ҳам пайдо бўлади — унинг услуби Mercedes-Maybach ечимларини ёдга солади.

Двигател икки вариантда тақдим этилган:

  • бензинли версия — қуввати 290 от кучига тенг 2 литрли турбомотор;
  • гибрид модификация — худди шу двигател, лекин 218 от кучи қувватга эга.

Базавий комплектацияга диаметри 20 ва 21 дюймли ғилдираклар киради — харидорларда танлаш имконияти бўлади.

Моделнинг батафсил тавсифлари ва сотувлар бошланиш санаси расмий премьерага яқинроқ маълум бўлади.