2 июнь куни минглаб албанияликлар пойтахт Тирана кўчаларига чиқиб намойиш ўтказди. Улар Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнерга алоқадор компания Адриатика денгизи соҳилида режалаштирилган қурилиш лойиҳасига қарши норозилик билдирмоқда.
Reutersʼнинг ёзишича, қиймати 1,6 миллиард доллар бўлган курорт лойиҳаси Кушнернинг «Affinity Partners» инвестиция фирмаси томонидан Вёсе-Нарта қўриқланадиган ҳудуди яқинидаги ўзлаштирилмаган соҳилда амалга оширилмоқда.
2024 йил декабр ойида Албания ҳукумати Кушнер томонидан таклиф этилган, бир вақтлар сувости кемаларининг махфий ҳарбий базаси бўлган кимсасиз Сазан оролида қурилиш қилиш режасига дастлабки рухсатни берганди.

Сешанба куни кечқурун намойишчилар Албания бош вазири Эди Раманинг идораси олдига тўпланишди. Улар қўлларида «Миллат сотилмайди» ва «Мен Албаниянинг Дубай каби бўлишини хоҳламайман» деган ёзувли плакатларни ушлаб туришганди.

«Биз барча қурилишлар тўхтатилишини ва оғир техникалар муҳофаза этиладиган ҳудуддан олиб чиқилишини истаймиз», деган эколог Жони Ворпси. Унинг айтишича, бу курорт лойиҳаси – «тахминан 10 000 хонали янги шаҳар бўлади ва у ёввойи табиат ҳудудини бутунлай вайрон қилади».
Норозиликлар ва тўқнашувлар
Сўнгги бир неча кун ичида қурувчилар Влёра яқинидаги режалаштирилган ҳудудда катта тиканли, симли тўсиқлар ўрнатгач норозилик намойишлари янада кучайган.
Намойишчилар оғир техника излари ва қум тепаликларини бузаётган бульдозерларни пайқашган. У ерга олиб борадиган камида битта йўл ҳам қурилган.

Шундан сўнг, 30 май – шанба куни бир неча юз киши тўпланиб, хусусий қўриқчилар билан тўқнашди ва баъзилар жароҳат олди.




















