Бу ҳақда Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги директорининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Исматулла Дўстмуродов брифингда маълум қилди.
Кўчат экиш мавсуми қуйидаги саналарда бошланади:
1 ноябр — Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида;
5 ноябр — Бухоро ва Навоий вилоятларида;
10 ноябр — Андижон, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Наманган, Тошкент, Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида;
20 ноябр — Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида.
Мавсумда ҳудудга мос кўчат ва тўғри жой танлаш, ўз вақтида суғориш ҳамда тизимли парваришга асосий эътибор қаратилади. Куз-қиш ойларида намлик етарли бўлиши кўчатларнинг тутиб кетиши учун қулай шароит яратиши қайд этилди.
Жорий кузда 257 та «Яшил боғ» ва «Яшил жамоат парки» барпо этилиши белгиланган. 2030 йилгача уларнинг сонини 1023 тага етказиш режалаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида «3–30–300» халқаро стандарти ҳам жорий этилади.
Кўчат экиш ва парваришлашда аҳолига кўмаклашиш учун 1 октябрдан қарийб 4200 нафар «ўрмончи мураббий» 8992 та маҳаллага бириктирилган. Улар маҳаллаларнинг кўчатларга бўлган буюртмаларини шакллантиришга ҳам ёрдам беради.
2027 йил 1 январдан ҳар бир маҳалла буюртмаси асосида «Маҳаллани яшиллаштириш» пакети жорий қилинади. Унинг доирасида кўчат етказиб бериш, касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш, органик ўғит, мулча ҳамда тежамкор суғориш воситалари билан таъминлаш хизматлари йўлга қўйилади.
Ер майдони чекланган маҳаллаларда, кўп квартирали уйлар орасида, мактаб ва боғчалар ҳовлиларида микроўрмонлар ташкил этилади. Ер ажратиш имкони бўлмаган ёки бетон ва асфалт қопланган ҳудудларда эса жамоатчилик кичик боғлари яратилади.
Туман ва шаҳарларнинг яшил дастурларида боғлар, сояли сайр кўчалари, кўллар ҳамда ёмғир, қор ва оқова сувларини тўплаб, қайта ишлайдиган сув тежовчи суғориш тизимларини ташкил этиш назарда тутилади.
















