Британиянинг UK Antarctic Heritage Trust жамғармаси Антарктиданинг Гоудиэр оролида жойлашган Порт-Локрой тадқиқот станциясида ишлаш учун янги ходимлар қидиряпти. Бу ҳақда Forbes хабар берди.
Танлаб олинган ходимларнинг асосий вазифалари қуйидагилар: дунёнинг энг жанубий почта бўлимида хизмат кўрсатиш (йилига 80 мингга яқин хат ва откриткаларни саралаш), пингвинлар колониясини санаш ва биологик кузатув олиб бориш ҳамда маҳаллий музей ва сувенирлар дўкони фаолиятини юритиш. Иш 5 ойга (ноябр-март) мўлжалланган. Ойлик маош — 1449 фунтдан 2096 фунтгача ёки 23 млн сўмдан 33,3 млн сўмгача.
Ходимлар жисмоний жиҳатдан бақувват бўлиш талаб этилади. Улар 20 литрли сув идишларини ташиши, оғирлиги 15 килогача бўлган қутиларни кўтариши, қорни тозалаши ва сирпанчиқ қоялар ёнидаги қайиқлардан юкларни тушириши керак. Потенциал номзод Буюк Британияда истиқомат қилиши ва у ерда расмий ишлаш ҳуқуқини берувчи рухсатномага эга бўлиши шарт. Саралашда ёшдан ошганлар қатнаша олади.
Станцияда оқаётган сув йўқ. Ювиниш ҳафтасига бир марта келадиган кемаларда амалга оширилади. Об-ҳаво ёмон бўлса, душсиз 2 ҳафтагача қолиб кетиш мумкин. Алоқа чекланган сунъий йўлдош тармоғи орқали амалга оширилади.
Ходимлар умумий ётоқ жойига эга казармада яшашади. Ичкарида ҳарорат 14-15 даража, ташқарида эса -5 дан +5 даражагача бўлади. Турар жой, озиқ-овқат ва махсус қишки иссиқ кийим-бош иш берувчи томонидан берилади.













