2026 йил 23 октябр куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Танлов Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази, Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳамда университет ҳамкорлигида ташкил этилди.

Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази директори Шахзодбек Курбаниязов болаларни китоб ўқишга қизиқтириш учун уларнинг ёши ва қизиқишларига мос асарлар яратиш муҳимлигини таъкидлади.
«Биз болалардан китоб ўқишни талаб қиламиз. Аммо уларнинг ёшига, қизиқишига ва бугунги ҳаётига мос асарларни етарлича таклиф қила оляпмизми? Бугунги болаларнинг қизиқишлари ўзгармоқда. Уларни китобга жалб қилиш учун янги мавзулар, қизиқарли воқеалар ва ўзига яқин қаҳрамонлар керак», — деди у.

Университет ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов болаликда ўқилган асарлар инсон хотирасида бир умр сақланиб қолишини қайд этди. Унинг айтишича, танлов натижалари асосида ҳар бир ёш тоифаси учун алоҳида тўплам шакллантирилиб, жами учта тўплам нашр этилган.
«Болаларга тақдим этиладиган асарлар уларнинг ёши, қизиқишлари, руҳий олами ва дунёқарашига мос бўлиши, бадиий жиҳатдан пухта яратилиши керак», — деди Шуҳрат Сирожиддинов.

Таълим ва илм-фан вазирининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Исажон Султоновнинг фикрича, яхши асар болага тайёр хулосани айтиб бериш билан чекланмаслиги керак. У савол туғдириши, қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатлари ҳақида ўйлашга ундаши ва болага воқеаларни ўз тажрибаси билан боғлаш имконини бериши лозим.
«Олти ёшли бола билан ўн олти ёшли ўсмирнинг ҳаётий тажрибаси, диққати, сўз бойлиги ва адабиётдан кутадигани бир-биридан фарқ қилади», — деди у.

Экспертлар 198 та ижодий ишдан 23 тасини саралаб, улар асосида болалар ва ўсмирлар учун учта адабий тўплам нашр этди. Танлов ғолиблари ёш тоифалари ва йўналишлар бўйича қуйидагича тақсимланди:
















