Ўзбекистонда 2025 йилда 267,1 мингта никоҳ қайд этилган. Бу 2018 йилдаги 311,4 минглик энг юқори кўрсаткичдан 44,3 мингта кам. Никоҳлар сони 2021 йилдан кейин ҳар йили пасайиб борган: 2022 йилда 296,7 мингта, 2023 йилда 283,8 мингта, 2024 йилда 271,8 мингта никоҳ қайд этилган. 2025 йилда эса бу кўрсаткич 267,1 мингтага тушган. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу сўнгги йиллардаги барқарор пасайиш тенденциясининг давомидир.
Бироқ никоҳлар сони камайгани ёшлар оила қуришни истамай қўйганини ёки уларнинг барчаси турмуш қуришни кечиктираётганини англатмайди. Бунинг сабабларини тушуниш учун никоҳ статистикаси билан бирга, одамларнинг иқтисодий имкониятлари, уй-жойга эришиш шароитлари ва оила ҳақидаги қарашларини ҳам кўриб чиқиш керак.
Никоҳлар сони камаймоқда, аммо турмуш қуриш ёши ошяптими?
Оила қуришни кечиктириш ҳақидаги тахминни текшириш учун биринчи марта никоҳдан ўтаётганларнинг ўртача ёшига қараш мумкин. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда биринчи марта никоҳдан ўтаётган эркакларнинг ўртача ёши 25,6, аёлларники эса 21,4 ёшни ташкил этган. 2024 йилда бу кўрсаткич эркакларда 26,2, аёлларда 21,8 ёш бўлган. Демак, сўнгги йилда биринчи никоҳнинг ўртача ёши ошмаган, аксинча, бироз пасайган.
Бу муҳим фарқ. Никоҳлар умумий сонининг камайиши билан турмуш қуриш ёшининг ўзгариши бир хил жараён эмас. Шунингдек, ўртача ёшнинг бир йилда пасайиши узоқ муддатли тенденцияни тўлиқ ифодаламайди.
Никоҳлар сонига аҳолининг ёш таркиби, меҳнат миграцияси, таълим олиш давомийлиги ва бошқа демографик омиллар ҳам таъсир қилиши мумкин. Шу сабабли фақат умумий рақамга қараб, ёшларнинг оилага муносабати ҳақида қатъий хулоса чиқариш тўғри бўлмайди.
Тўй харажатлари: оила қуришдан олдинги катта синов
Ўзбекистонда никоҳни фақат икки инсоннинг бирга яшаш ҳақидаги қарори сифатида кўриш қийин. Кўп ҳолларда бу қарор тўй маросими, унинг харажатлари ва қариндош-уруғ олдидаги ижтимоий мажбуриятлар билан ҳам боғлиқ.
2025 йилда «Юксалиш» ҳаракати ўтказган жамоатчилик сўровида













