Тадбиркор Ойбек Турсунов Perfectum мобил операторининг Тошкентдаги бош офиси ва 2012 дона асосий воситасини ҚҚС билан бирга жами 98,37 млрд сўмга харид қилмоқда. Корпоратив ахборот ягона порталидаги маълумотларга кўра, тегишли битим 16 октябр куни ўтказилган Perfectum бренди остида фаолият юритувчи Rubicon Wireless Communication АЖ акциядорларининг умумий йиғилишида тасдиқланган.

Сотилаётган асосий кўчмас мулк объекти Тошкент шаҳри Миробод тумани Тарас Шевченко кўчаси 21-уйда жойлашган. Мажмуа 7283 квадрат метрлик ер участкасидаги тўртта бинодан иборат бўлиб, биноларнинг умумий майдони 10 479 квадрат метрни ташкил этади. Биноларда 57 та хона, жумладан, 47 та хизмат хонаси мавжуд. Кўчмас мулк мажмуасининг қиймати ҚҚС билан бирга 65,97 млрд сўм деб белгиланган.

Бундан ташқари, Perfectum умумий қиймати 32,41 млрд сўм бўлган 2012 бирлик асосий воситаларни сотяпти. Қарор акциядорлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Аввалроқ, 19 октябр куни VEON Perfectumʼни тўлиқ сотиб олиш бўйича келишувга эришганини эълон қилганди. Битимнинг умумий қиймати тахминан 207 млн доллар бўлиб, бунга операторнинг қарийб 93 млн долларлик молиявий қарзларини ўз зиммасига олиш ҳам киради. Харидни октябр охиригача якунлаш режалаштирилган.