Ўзбекистонда темир йўл, ҳаво, автобус ва шаҳар жамоат транспорти хизматларини бирлаштирувчи «Бир йўл» ягона миллий рақамли транспорт платформасини ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Бу ҳақда Транспорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қарор лойиҳасида сўз боради.

Платформани 2028 йил 1 январдан жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Ушбу тизим орқали йўловчилар поезд, самолёт, автобус ва шаҳар жамоат транспортининг ҳаракат жадвали, йўналишлари, чипта нархлари ҳамда мавжуд бўш ўринлар ҳақида маълумот олишлари мумкин бўлади.

Шунингдек, бир нечта транспорт туридан фойдаланиб сафар қилишни ягона буюртма ва тўлов асосида ташкил этиш имконияти яратилади.

Дастлабки синов тариқасида 2027 йил 1 июлдан «Тошкент аэропорти — Урганч аэропорти — Хива темирйўл вокзали» йўналишида ягона чипта тизимини жорий этиш чоралари кўрилиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, поездлар, самолётлар ва автобусларнинг ҳаракат жадвалларини сунъий интеллект ёрдамида ўзаро мувофиқлаштириш назарда тутилмоқда. Бунда автобусларнинг ҳаракат вақти поездлар ва авиақатновлар жадвалига мувофиқлаштирилади.

Қарор лойиҳаси 11 ноябргача жамоатчилик муҳокамасида бўлади.