Ўзбекистонда автовокзал ва темир йўл вокзаллари уч йилга солиқдан озод қилиниши мумкин. Транспорт вазирлиги бу бўйича қарор лойиҳасини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирди.

Лойиҳага кўра, Ўзбекистонда автовокзаллар, автостанциялар, темир йўл вокзаллари ва маҳаллий аэропортларни 2027 йил 1 январдан 2030 йил 1 январгача мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, Марказий банк тижорат банклари орқали тадбиркорларга автовокзал ва автостанцияларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда модернизациялаш учун имтиёзли шартларда узоқ муддатли кредитлар ажратиш механизмини жорий этиши мумкин. Бундай кредитлар шаҳар ичи, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро йўналишларда йўловчи ташиш учун янги микроавтобуслар харид қилишга ҳам йўналтирилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, автостанциялар ҳудудининг 20 фоизигача бўлган қисмида турли мажмуалар қуришга рухсат бериш кўзда тутилган. Улар электромобилларни қувватлаш шохобчалари, умумий овқатланиш объектлари, меҳмонхоналар, техник сервис пунктлари, автомобиль ювиш шохобчалари ва дўконларни ўз ичига олиши мумкин.

Қарор лойиҳаси муҳокамаси 11-ноябаргача давом этади.