Унга кўра, абитуриентларни тўлов-контракт бўйича белгиланган квотадан ташқари қўшимча равишда ўқишга қабул қилиш тартибига ойдинлик киритилган. Соддароқ қилиб айтганда, «супер контракт» амалиётини жорий этиш жараёни қарор бандлари билан аниқ ифодалаб берилган.
2017/18 йилги давлат қабул имтиҳонларида етарли балл тўплай олмай, талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар оширилган ставка бўйича контракт-тўлов суммасини тўлашга рози бўлса, ўқиш истагини билдирган олийгоҳ ҳузурида ташкил этилган Қабул комиссияга мурожаат этиб, ёзма ариза киритиши сўралади. Эслатиб ўтамиз, ариза топшириш муддати эртага, 10 октябрь куни якунига етади.
Қўшимча қабулни амалга ошириш таклифлари олий таълим муассасалари томонидан бўйсунуви бўйича вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда 15 октябрга қадар Давлат комиссиясига киритилади ҳамда белгиланган санадан сўнг қўшимча қабул бўйича натижалар эълон қилинади.
Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ахборот хизматининг Kun.uz нашрига маълум қилишича, оширилган ставка контракт-тўлови бўйича ўқишга қабул қилинган талабалар рўйхати жорий йилнинг 30 октябрь куни эълон қилинади ва шундан бошлаб ўқишни тўлақонли бошлаши мумкин.










