Тошкент ИИББ «мардикор овлаш» билан шуғулланган ходимлари ҳақидаги хабарни рад этди
18:40 / 12.01.2018
17446

Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси бир қатор нашрларда Яшнобод туманида жойлашган бюрода Яшнобод тумани ИИБ ходимлари томонидан фуқароларга нисбатан ноўрин хатти-ҳаракатлар содир этилаётганлиги бўйича хабарларга раддия билдирди.

Хусусан, хабарда ҳудуддаги ИИБ ходимлари мардикор аёллардан сигарет, «Кола», тушлик ёки кечки овқат учун колбасаларнинг пулини ундириб олиши, пул бермаганларни автобусга тиқиб, «Панельний»га олиб кетиб, паспорт режимини бузганлик учун энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача жарима ёзиб, кейин қўйиб юборишлари ҳақида сўз юритилган.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси томонидан ушбу ҳолатлар юзасидан хизмат текшируви ўтказилган.

«Интернет нашрдаги хабарлар бўйича Тошкент шаҳар Бектемир ва Яшнобод тумани ИИБ ходимлари томонидан пойтахтимизга пул топиш мақсадида келган республикамиз фуқароларига нисбатан ички ишлар идоралари ходимлари томонидан гўёки ўтказилаётган тазйиқ ҳамда фуқароларга нисбатан қўпол муомалада бўлиш каби ҳолатлар ўз тасдиғини топмади.

Шунингдек, мавжуд бўлган 3та видеоёзувларда сўзлаган барча фуқароларнинг шахси аниқланиб, улар билан Ўз хавфсизлик хизмати ходимлари суҳбатлашди. Ўтказилган суҳбат давомида, видео ёзувлардаги аёл киши ўз интервьюсида баён этган ички ишлар органлари ходимларининг ноўрин хатти-ҳаракатлари бевосита унга нисбатан содир этилмагани, бу каби ҳолатларни кўрмагани, ушбу маълумотларни фақатгина бошқа фуқаролардан эшитгани маълум бўлди.

Шу билан бирга, видео ёзувлардаги эркак киши келтириб ўтган ҳолатлардаги ички ишлар органлари ходимининг шахси аниқланиб, суриштирув давомида фуқаро ва ходимнинг важларида қарама-қаршиликлар мавжудлиги сабабли, ҳолатга қонуний баҳо берилишини таъминлаш мақсадида, тўпланган ҳужжатлар прокуратура идораларига юборилди», - дейилади ИИББ хабарида.

Таъкидланишича, агарда қайси бир ички ишлар идоралари ходими ўз хизмат мансабини суиистеъмол қилиб, фуқароларга нисбатан ноқонуний ҳаракатларни амалга оширган бўлса, у ҳолда Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси қабулхонасига ёзма ёки оғзаки мурожаат қилиши мумкинлиги билдирилган. «Биз ҳолатни ўрганиб чиқиб, агарда ходим айбдор бўлса, унга нисбатан маъмурий, керак бўлса жиноий жавобгарлик ҳам қўллашга тайёрмиз. Зеро, Қонун ҳамма учун баробардир», - дея маълум қилган ИИББ.

Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, интернет тармоғидаги ахборот порталларида ички ишлар органлари ходимлари томонидан содир этилган қонун бузилиши ҳолатлари тўғрисида берилган маълумотлар юзасидан холисона текширувлар ўтказилишини, ҳар бир хабарнинг ҳаққонийлигини, хабар бераётган фуқароларнинг шахси атрофлича ўрганиб чиқилишини ва якунида қонуний баҳо берилишини кафолатлашини билдирди.


Улашинг
Top