Президентнинг 3.02.2018 йилдаги ПФ-5326-сон Фармони билан туристларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган умумий овқатланиш корхоналари ва автотранспорт корхоналарини сертификатлаш жорий этиладиган шартлар қайта кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2.12.2017 йилдаги ПФ-4861-сон Фармони 2018 йил 1 январдан бошлаб хорижий туристларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган умумий овқатланиш корхоналари ва автотранспорт корхоналарини мажбурий сертификатлаш жорий этилишини назарда тутганди.

Биринчидан, бу корхоналарни сертификатлаш жорий этиладиган сана 2018 йил 1 апрелга кўчирилди. Хусусан, бундай хизматларни сертификатлаш қоидалари ҳали тасдиқланмаган. Тегишли ҳужжат лойиҳаси тайёрланиб, умумий муҳокама учун жойлаштирилганди. 

Иккинчидан, жорий этилаётган сертификатлаш тизими ихтиёрий бўлади. Бинобарин, туристларга хизмат кўрсатадиган умумий овқатланиш ва транспорт корхоналарида мувофиқлик сертификати мавжуд эмаслиги учун жавобгарликка тортишмайди.

Ҳужжат 6.02.2018 йилдан кучга кирди.