18:56 / 22.05.2018
8485
IUT’нинг 1000 нафардан ортиқ талабалари таълим учун тўловни эски нархда тўлайди 
Фото: inha.uz

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT)нинг минг нафардан талабаларига таълим учун тўловни амалга оширишда ижтимоий ёрдам беради. Бу ҳақда 2018 йилнинг 22 май куни #MITCROADMAP2018 “ICT-тармоғи ва IT-таълимининг ривожланиш истиқболлари, давлат ва бизнеснинг ўзаро ҳамкорлиги” конференциясида чиқиш қилган IUT ректори Сарвар Бобохўжаев маълум қилди.

Сарвар Бобохўжаевнинг айтишича, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан талабаларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабаларининг таълим учун тўлов харажатининг бир қисмини молиялаштиришга қарор қилинган.

"Биз бу ҳақда бугун биринчи марта эълон қилмоқдамиз. Иккинчи, учинчи ва тўртинчи босқичнинг 1000 нафардан ортиқ талабалари таълим учун тўловни эски нархда тўлашади. Ўртадаги фарқ эса Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан қопланади, - деди IUT ректори.

Университет ректори, шунингдек, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида талабаларни ўқитиш харажатларини қоплаш учун қўшимча маблағларни жалб қилиш бўйича ишларни давом эттираётганини қўшимча қилди. У вазирликлар ва идоралар, компаниялар ва дипломатик корпус вакилларини ҳамкорлик қилишга чақирди.

2017-2018 ўқув йилида Тошкент шаҳридаги Инха университетининг “Компьютер ва дастурий инжиниринг” йўналишида тўлов миқдори 21,05 миллион сўм ва “Логистика” йўналиши бўйича 22,1 миллион сўм эди.

2018-2019 йилги янги ўқув йилидан “Компьютер ва дастурий инжиниринг” йўналиши бўйича 28,5 млн. сўмни ва “Логистика” йўналиши бўйича - 30 млн. сўмни ташкил этади.

Шунингдек, у ўз сўзида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб талабалар мавзуларни танлаш имкониятига эга бўладиган таълим кредит тизимини жорий этишини қайд этди.

Top