Қишлоқ хўжалиги вазирилиги қошидаги Озиқ-овқат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Баҳодир Раҳматуллаевнинг фикрича, бозор иқтисодиёти шароитида биз етиштираётган маҳсулотига охирги нархни истеъмолчи белгилайди.

«Кўп соҳада биз оддий қоидани эсдан чиқариб қўямиз, биз ҳажмга кўп эътибор қаратамиз. Истардимки, деҳқон ва фермер экспортёрлар ҳар йили ташкил этиладиган кўргазмаларда мунтазам иштирок этиб борса, маҳсулотларни халқаро талаб даражасида қадоқлаш, сотувга тайёрлаш, уни қутиларга жойлашни ўрганади. Оқибатда, экспортга йўналтирилаётган маҳсулотларнинг нархи ошади», дейди у. 
Шунинг билан бошқарма бошлиғи экспортга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун мажбурий талаблар жорий этиш фойдасиз эканига урғу бермоқда. Маълум қилинишича, айни пайтда Ўзбекистонда 600 минг тонна сиғимга эга маҳсулотларни узоқ муддатга сақлаш учун ишлатилаётган совутгичлар мавжуд.

«Агар республикада 20 миллион тоннадан ошиқ мева-сабзавот, полиз ва узум маҳсулотларини ишлаб чиқаришимизни инобатга олиб гапирсак, мавжуд совутгичлар 3 фоиз тайёр маҳсулотни сақлаш имкониятини беради. 

Ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 40-60 фоизни ташкил этади. Ривожланаётган давлатлар, жумладан Туркия ва Эронда бу сон 8-12 фоиз атрофида экани маълум», дейди у.

Баҳодир Раҳматуллаевнинг айтишича, айрим маҳсулотлар барвақт пишади, айримлари бозор талабига қараб сотувга чиқарилиши зарур. 

«Мана шунақа омиллар ҳисобга олинмаган пайтда фермер жабр қилиши мумкин ё бозорда нарх кўтарилиб кетади. Шуларни олдини олиш учун 2017-2021 йилларда қарийб 450 минг тонна сиғимга эга совутгичларни фойдаланишга топшириш режаси ишлаб чиқилди», деб қўшимча қилади у.

Агар белгиланган режага кўра, совутгичлар сиғими ошса, 2020 йилга бориб, Ўзбекистондаги деҳқон, фермер ва тадбиркорлар 2 миллион тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотини жаҳон стандарти талаблари асосида сотишга имконият пайдо бўлади.