8535.74 USD +17.06

9566 EUR -86.52

132.57 RUB +1.24

10746.5 GBP -101.19

07:30 / 09.06.2019 12760

Қозоғистонда президент сайловлари бошланди 

Фото: 24.kz

Қозоғистонда 9 июнь соат 6дан навбатдан ташқари президент сайловларида овоз бериш учун сайлов участкалари очилди. 

Ушбу сайловлар Қозоғистонда ўтаётган 6-президент сайловларидир. Мамлакатни деярли 30 йил бошқарган Нурсултон Назарбоев 20 март куни президент ваколатларини топширганди. Вақтинчалик президент этиб парламент юқори палатаси спикери Қосим-Жомарт Тоқаев тайинланганди. 

Президент лавозими учун 7 номзод, жумладан Қосим-Жомарт Тоқаев кураш олиб боради, улардан 4 нафари партиялардан, 3 нафари жамоатчилик бирлашмалари томонидан илгари сурилган. Улар: Қосим-Жомарт Тоқаев, Жамбил Ахметбеков, ягона ва илк аёл номзод Дания Еспаева, Толеутай Рахимбеков, Амиржан Косанов, Садибек Тугел ва Амангелди Таспихов. 

Маълумотларга кўра, мамлакатдаги сайловчиларнинг умумий сони  11 947 995 кишини ташкил қилади. 15 минг киши хорижда овоз бериши кутилмоқда. Сайловларни кузатиш учун 1013 халқаро кузатувчи ва хорижий давлатлар вакиллари аккредитация олган. Улардан 866 нафари 9 та халқаро ташкилотдан ва 147 нафари 41 та хорижий давлатдан ташриф буюрган.

Овоз бериш соат 20.00да якунланади. 4 та ғарбий вилоят – Ғарбий Қозоғистон, Атирау, Оқтўбе ва Манғистауда вақтдаги фарқ сабабли сайлов участкалари бир соат кейин ёпилади.

Президент 5 йиллик муддатга сайланади. Сайловларда овоз берувчиларнинг ташриф буюриш чегараси бўлмайди, улар ҳар қандай вазиятда бўлиб ўтган деб ҳисобланади. Ғалаба учун номзод 50 фоиздан кўпроқ овоз тўплаши лозим бўлади, агар бунга ҳеч ким муваффақ бўлмаса, сайловларнинг 2-босқичи белгиланади.

Сайловлар натижаларини эълон қилиш, сайланган президентни рўйхатга олиш учун 7 кун кўзда тутилган. Сайловлар билан боғлиқ барча жараёнлар 16 июнгача якунланади.

Top