13:29 / 12.12.2019
0
6958
Донор бўлувчи яқин қариндошлар рўйхати кенгайтирилиши мумкин — Фурқат Санаев

Ўзбекистонда 2020 йилдан трансплантация операцияларини амалга оширишга рухсат берилган давлат тиббиёт муассасалари сонини ошириш, шу жумладан, ҳудудларда ҳам бу амалиётни йўлга қўйиш ҳамда трансплантация қилиш амалиётларида донор бўлувчи шахсларнинг яқин қариндошлари рўйхатига ўзгартириш киритилиб, янада кенгайтирилиши кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев ўз телеграм каналида маълум қилди.

«Сўнгги йилларда тиббий хизмат кўрсатишда замонавий инновацион технологиялардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида ҳудудларда икки мингдан зиёд жарроҳлик операциялари ўтказилиб, шундан 1100дан ортиғини юқори технологияга асосланган мураккаб амалиётларни ташкил қилди.

Шулар қатори юртимизда янги - трансплантация соҳаси ҳам такомиллашиб бормоқда. Сўнгги икки йил давомида Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий амалий тиббиёт марказида 230дан ортиқ буйрак, 5та жигар, Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказида эса 68та буйрак трансплантацияси операциялари ўтказилиб, жами 300 нафардан зиёд фуқароларимизнинг юқори технологик операциялар учун хориж давлатларига боришининг олди олинди.

Шунингдек, Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти олимлари жаҳон тиббиётининг энг илғор йўналиши — ўзак ҳужайра трансплантациясини ўзлаштириб, ҳозирда уни муваффақиятли йўлга қўйишди. Табиийки, бу нафақат инсон аъзолари трансплантацияси бўйича фуқароларнинг чет элга чиқиб кетишининг камайишига, балки аҳолининг трансплантация ёрдамидан баҳрамандлик даражаси ошишига ҳам сабаб бўлмоқда.

Шу билан бирга, трансплантация ёрдамига муҳтож беморлар рўйхати ҳам кенгайиб бормоқда. Бундан ташқари, сўнгги икки йил давомидаги амалиёт шуни кўрсатдики, яқин қариндошларни донор сифатида белгиланган шахслар чекланган доираси ҳам амалдаги қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тақозо қилмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, 2020 йилда «Яқин қариндошлар орасида буйрак ва жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби ҳақида Вақтинчалик низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, трансплантация операцияларини амалга оширишга рухсат берилган давлат тиббиёт муассасалари сонини ошириш, шу жумладан, ҳудудларда ҳам бу амалиётни йўлга қўйиш ҳамда трансплантация қилиш амалиётларида донор бўлувчи шахсларнинг яқин қариндошлари рўйхатига ўзгартириш киритилиб, янада кенгайтирилиши кўзда тутилмоқда. Яъни беморнинг иккинчи, учинчи, тўртинчи даражали қариндошлари ҳам донор бўлиши мумкин», дейилади хабарда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top