16:30 / 13.01.2020
1
30075
Ақтўбеда ичида 53 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус бузилиб қолди

12 январь куни Ақтўбе вилоятида 53 нафар Ўзбекистон фуқаролари бўлган Самара—Чимкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган «Сетра» русумли автобуси техник носозлик туфайли тўхтаб қолди. Ўзбекистоннинг Ақтау шаҳридаги (Қозоғистон) бош консулхонаси ушбу маълумотни тасдиқлаган. 

Ҳодиса Ақтўбе областининг Хромтау тумани Дон қишлоғи яқинида юз берган. Воқеа жойига Хромтау тумани Фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари етиб келган ва йўловчиларга «Аманат» лагерига эвакуация қилишни таклиф қилган, лекин улар буни рад этишган.

Шундан сўнг автобус таъмирлаш ишлари тугагунча йўловчилар кутиб туришлари учун ҳодиса жойига иситилган автобус юборишга қарор қилинган.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарида айтилишича, 13 январь куни маҳаллий вақт билан соат 11:00да автобус таъмирлаш ишлари якунлангач, маршрут бўйича ҳаракатланишда давом этди.

Бош консулхона, шунингдек,13 январь куни Ақтўбе – Оренбург трассасида йўл-транспорт ҳодисаси юз бергани, натижада воқеа жойида ҳайдовчи, Ўзбекистон фуқароси Э.М. ҳалок бўлгани, яна бир ўзбекистонлик И.К. турли жароҳатлар билан касалхонага ётқизилгани ҳақида ҳам хабар берди.

Бош консулхона вазиятни назоратга олган ва Қозоғистоннинг тегишли органлари билан доимий алоқада бўлиб турибди.

ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик изҳор этган ҳамда яна бир бор Ўзбекистон фуқаролари эътиборини автобусларда ёки автомобиль транспортининг бошқа турларида қиш мавсумида Қозоғистонга киришда ёки унинг ҳудудидан ўтишда эҳтимолий хатарларни ҳисобга олиш ва тегишли чоралар кўриш зарурлигига қаратган.

Қозоғистон ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари, жумладан транзит билан бошқа давлатга ўтаётган юртдошлар, зарур ҳолларда мамлакатнинг Нур-Султон шаҳридаги элчихонасига (Нур-Султон шаҳри, Ақмўла, Шимолий Қозоғистон, Павлодар, Қўстанай ва Қарағанда вилоятлари, тел.: +7-717-295-45-87, +7-777-218-20-10 (Telegram, Whatsapp, Imo); Ақтау шаҳридаги бош консулхонага (Ақтўбе, Атирау, Ғарбий Қозоғистон ва Мангистау вилоятлари, тел.: +7-29-277-71-17, +7-777-599-00-50, +7-777-599-00-51); Олмаота шаҳридаги бош консулхонага (Олмаота шаҳри, Чимкент шаҳри, Олмаота вилояти, Шарқий Қозоғистон, Туркистон, Жамбил ва Қизилўрда вилоятлари, тел.: +7-727-299-20-70, +7-727-390-26-16) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтилган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top