12:36 / 31.01.2020
3
47160
Коронавирусдан тузалиб кетган аёл касаллик ҳақида сўзлаб берди

Хитойда коронавирусга чалинган Цзян фамилияли аёл касалликдан фориғ бўлгач, интервью берди. Бу ҳақда “Синьхуа” ахборот агентлигига таяниб ИноСМИ нашри хабар берди. 

Фото: Reuters /Tyrone Siu

Аёлнинг таъкидлашича, у 44 ёшда бўлиб, Ушань уездининг Чунцин шаҳрида яшайди. Аёл охирги йиллар янги коронавирус тарқалиш маркази ҳисобланган Ухань шаҳрида ишлаб келган.

“15 январда мен Янги йилни кутгани она шаҳримга жўнадим. Турмуш ўртоғим мени кутиб олиш учун темир йўл вокзалига келди ва менинг аҳволим ёмонлигини кўрди. У шу заҳотиёқ мени маҳаллий шифохонага олиб борди. У ерда даволашнинг дастлабки бир неча куни самара бермагач, 21 январда мени “Санься” марказий шифохонасига кўчириб ўтказиб, изоляторга жойлаштиришди. Менда янги турдаги коронавирус келтириб чиқарувчи зотилжам аниқланди. Мен бу касалликка учраган Чунциндаги илк бемор бўлдим, шифокорлар ва ҳамширалар менга алоҳида эътибор билан қарашди”, деб айтган аёл.      

Аёлнинг таъкидлашича, ҳар куни унга турли воситалар пуркаб туришган, вирусга ва инфекцияга қарши даволаш муолажаларини амалга оширишган, шифокорлар ҳаттоки хитой табобати усулларини қўллашган. 

“Охирги кунлар касалликнинг аломатлари йўқола бошлади. Шифокорлар менга жавоб бериш мумкинлигини айтишди. Шифохона даволаш учун мендан бир фэн ҳам олмади [1 фэн – 0,01 юан]. Мендан “бу касаллик қўрқинчлими?” деб сўрашмоқда. Фикримча, энг асосийси қўрқмаслик ва иложи борича яхшироқ ҳимояланиш, ҳимоя ниқобини тақиб юриш ва қўлларни тез-тез ювиб туриш зарур. Агар тана ҳарорати кўтарилиб, йўтал ёки бошқа аломатлар пайдо бўлса, шу заҳотиёқ шифохонага бориш лозим. Сени алоҳидалаб қўйишларидан хавотирланмаслик керак, руҳиятни чўктирмай, шифокорлар кўрсатмаларига қулоқ солиш, уларга ишониш лозим ва шунда албатта тузалиб кетасиз”, деб тавсия берган аёл.

Охирги маълумотларга кўра, Хитойда коронавирусдан вафот этганлар сони бир кун ичида 43 нафарга ошиб, 213 нафарга етди. Касалланганлар сони 9692 нафарни, даволанганлар сони 171 кишини ташкил қилмоқда.

Мавзу
Хитой коронавируси
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top