15:33 / 14.02.2020
0
17173
Хитой расмийси коронавирусга қарши курашдаги муваффақият ҳақида гапирди

Хитой ҳукумати коронавируснинг бутун дунё бўйлаб тарқалишининг олдини олиш бўйича саъй-ҳаракатлари эвазига ХХР ҳудудидан ташқаридаги зарарланиш кўрсаткичлари умумий кўрсаткичнинг 1 фоизидан ошмаган. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Германияга ташрифи чоғида айтиб ўтди.

© REUTERS / cnsphoto

У коронавирус тарқалиши секинлашгани ва касаллик юқтирганлар тезроқ тузала бошлаганини таъкидлаган. Қайд этилишича, коронавирус ўчоғи бўлган Хубэй вилоятида сўнгги ўн кун давомида янги зарарланиш ҳолатлари камайиб келган, ўз навбатида соғаяётганлар сони ортиб бормоқда.

Пекин расмийси буларнинг барчаси касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар муваффақиятли бўлганидан далолат беришини маълум қилган.

«Статистик маълумотлар ва фактлар шуни кўрсатмоқдаки, умумий вазиятдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бу эпидемияни назорат қилиш, беморларни эса тузатиш мумкин. Самарали дори воситаларининг узлуксиз ривожланишини ҳисобга олиб, биз ушбу эпидемияни енгишимизга тўлиқ ишонамиз», дейилади вазирлик сайтида келтирилган баёнотда.

У коронавирус тарқала бошлаган илк кунлардаёқ Хитой бу ҳақда зудлик билан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини ҳамда жаҳон ҳамжамиятини огоҳлантиргани ва вирусга қарши курашда бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликда шаффофлик ва очиқлик тамойиллари асосида иш олиб бораётганини таъкидлаган.

Вирус пневмонияси эпидемияси
2019 йил декабри охирида Хитой ҳукумати Хубэй вилоятининг Ухан шаҳрида номаълум вирус пневмония келтириб чиқараётгани ҳақида маълум қилди. Кўп ўтмай бу касаллик қўзғатувчиси кейинроқ COVID-2019 номини олган янги типдаги коронавирус экани маълум бўлди.

14 февраль кунги маълумотларга кўра, Хитойда вирусдан зарарланганлар сони 63 минг 851 нафарга етган, қурбонлар сони 1380 нафарни ташкил қилмоқда, Хитой ҳудудидан ташқарида ушбу вирус аниқланиши билан боғлиқ 505 ҳолат қайд этилган.

Экспертлар коронавирус билан Ер аҳолисининг учдан икки қисми касалланиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни ҳам билдиришган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан 13 февраль куни олинган расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар аниқланмаган. 

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top