10:43 / 20.02.2020
0
19308
Путин бош вазир лавозимига Мишустинни тайинлаганининг сабабини тушунтирди
Фото: РИА Новости

Россия президенти Владимир Путин ТАСС ахборот агентлиги интервьюсида бош вазир лавозимига Михаил Мишустинни тайинлаганининг сабабини тушунтирди. Унинг таъкидлашича, ушбу лавозимга номзодларнинг дастлабки рўйхатида Мишустиннинг исми ҳаттоки бўлмаган.

Путиннинг маълум қилишича, бунгача Федерал солиқ хизмати раҳбари бўлган Мишустинга ушбу лавозимни таклиф қилиш унинг ташаббуси бўлган. “Менга уч номзод таклиф қилинди, агар 4 та бўлмаса. Бироқ Мишустин улар орасида йўқ эди. Ҳеч ким уни исмини айтмаганди. Мендан ташқари”, деб айтган Путин. 

Россия президентининг таъкидлашича, бундай қарорга келишда Мишустин солиқ хизматида рақамлаштиришни амалга оширгани ҳам асосий омил бўлмаган. “У бу соҳада ҳақиқий мутахассисга айланди. Нима қилиш кераклигини, қандай қилиш кераклигини биладиган, аниқ натижага эришадиган яхши амалиётчига айланди”, деб тушунтирган ўз танловини Путин.

Россия етакчиси солиқ хизмати раҳбари “тўқмоқ билан юриб, одамлардан пул юлиб оладиган” одам эканлиги ҳақидаги фикрларга қўшилмаслигини айтган. Путиннинг айтишича, ушбу хизматнинг вазифаси солиқ тўловчилар ҳолатини енгиллаштириш ҳисобланади. “Гап шунчаки одамдан пулни юлиб олиш ҳақида эмас, балки ишни солиқ тўловчиларга ҳам, давлатга ҳам бир-бири билан ишлаш қулай ва бу қандай ташкил этилгани тушунарли бўладиган қилиб ташкиллаштириш ҳақида бормоқда”, деб қўшимча қилган Россия раҳбари.

Путин унинг собиқ бош вазир Дмитрий Медведев билан “тандеми” тарқалиб кетгани ҳақидаги тахминни рад этди. 

“Ҳеч нима тарқалмади”, деб жавоб қилган Путин журналистнинг бу ҳақидаги саволига. Унинг таъкидлашича, у Медведев билан аввал қандай ишлаган бўлса, ҳозир ҳам шундай ишламоқда. Бундан ташқари, Путин собиқ бош вазир ўз фаолияти йўналишини ўзгартиргани ва “бу ҳам табиий ҳол” эканини қўшимча қилган.

Путин Медведев билан олдиндан ҳукумат истеъфоси масаласини муҳокама қилгани, улар орасида кўп йиллик очиқ, дўстона муносабатлар борлиги ва бир-биридан яширадиган сирлари йўқлигини таъкидлаб ўтган. 

15 январда Путиннинг Федерал йиғинга мурожаатидан кейин Дмитрий Медведев ҳукуматнинг истеъфога кетишини эълон қилган. Медведев ушбу қарор Путин томонидан конституцияга ўзгартиришлар киритилиши эълон қилиниши билан боғлиқ ҳолда қабул қилинганини айтган. У 16 январда Россия Хавфсизлик кенгаши раҳбари ўринбосари этиб тайинланган, бош вазир лавозимини эса Мишустин эгаллаган.  

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top