02:04 / 28.02.2020
0
9425
Ҳонгконг ҳукумати 7 млнлик аҳолисига 1300 доллардан тўлайдиган бўлди  
Фото: Reuters

Ҳонгконг ҳукумати аҳолини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида фуқароларга 10 минг Ҳонгконг долларидан тўлашга қарор қилди.

Жорий йил бюджети доирасида Ҳонгконгнинг 18 ёшдан катта 7 млнга яқин доимий резиденти 10 минг Ҳонгконг доллари (1,3 минг доллар) миқдорида бир марталик моддий ёрдам олади. 

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Ҳонгконгда бир неча ойдан бери тинмаётган норозиликлар ва коронавирус тарқалиши маҳаллий иқтисодиётга жиддий зарба берди.

Шаҳарда коронавирусдан касалланиш бўйича 81 та ҳолат қайд қилинган, 2 киши ундан вафот этган. 

“Ҳонгконг иқтисодиётига жорий йилда улкан синов ташланди. Мен масалани яхшилаб ўрганиб чиқиб, 18 ёшдан катта бўлган доимий резидентларга уларни қўллаб-қувватлаш ва ёрдам бериш мақсадида 10 минг Ҳонгконг долларидан ажратишга қарор қилдим”, деб айтган Ҳонгконг молия вазири Пол Чан.

Ушбу тўловлар аҳолининг яқин йилларда моддий ҳолатини яхшилаш ва Ҳонгконг иқтисодиётини жонлантиришга қаратилган чораларнинг бир қисми бўлади. Бу чораларни амалга ошириш учун бюджетдан 120 млрд Ҳонгконг доллари (2,5 млрд доллар) ажратилади. 2020-2021 йилларда кўриладиган чоралар орасида давлат тураржойи учун ижара ҳақи, солиқларнинг пасайтирилиши, бизнесни бепул рўйхатдан ўтказиш ва бошқалар бор.

Аввалроқ ҳукумат иқтисодиётнинг коронавирусдан энг кучли жабр кўрган тармоқларига, жумладан хизматлар кўрсатиш тармоғига молиявий ёрдам кўрсатилишини эълон қилган.

Бундан ташқари, Ҳонгконг иқтисодиётига сиёсий барқарорсизлик ҳам жиддий путур етказди. Охирги ҳафталарда коронавируснинг янада кучлироқ тарқалиши хавфи эса иқтисодий фаоллик ва жамият ҳаёти суръатларини пасайтириб юборди.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top