13:40 / 29.02.2020
0
9664
Абдулазиз Комилов: «Афғонистон масаласида «нолга тенг ўйинларда» иштирок этишга интилмаймиз»

Жорий йилнинг 29 февралида Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида АҚШ ва “Толибон” ҳаракати ўртасида узоқ кутилган ва афғон халқи учун умуммиллий ярашув жараёнини бошлаши мумкин бўлган “тинчлик келишуви”нинг имзоланиши кутилмоқда

Фото: KUN.UZ

“Халқ сўзи” Афғонистон муаммосини сиёсий йўл билан ҳал этишнинг асосий жиҳатлари хусусида Ўзбекистоннинг қарашлари ва республиканинг минтақавий хавфсизликни таъминлашга қўшаётган ҳиссаси ҳақида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан суҳбатлашди.

“Ўзбекистон раҳбари “Афғонистон хавфсизлиги — бу Ўзбекистоннинг хавфсизлиги”, дея бир неча бор баёнот берганлар. Афғонистон бўйича сиёсатимизда биз нафақат ушбу мамлакатнинг келажаги, балки умумий хавфсизлигимиз, терроризм, ақидапарастлик ва зўравонликдан холи дунё учун курашмоқдамиз.

Шу билан бирга, Афғонистонда тинчликни таъминлаш — бу фақатгина хавфсизлик муаммоларини ҳал қилишдангина иборат эмас.

Афғонистон масаласида биз “defensive approach” деб аталувчи ҳимоя ёндашувига асосланмаймиз. Биз минтақамизда вазият қанақа эканлигини яхши идрок этишимизга ишончимиз комил, шунинг учун “ўйинчи”ларнинг бири ғалаба қозонса, иккинчиси мағлуб бўладиган бирон-бир “нолга тенг ўйинларда” иштирок этишга интилмаймиз. Биз прагматикмиз ва яхши қўшни бўлишни хоҳлаймиз.

Фақатгина 100 йил олдин ўрнатилган чегараларга қарамай, халқларимиз ўртасида 3 минг йиллик тарихга эга муносабатлар мавжуд.

Амударё бўйлаб ўрнатилган чегаралар ҳеч қачон одамларнинг борди-келдиси, савдо-сотиқ қилиши ҳамда маданиятлар ва динимизнинг ўзаро уйғунлашувига тўсиқ бўла олмаган.

Тинч Афғонистон Марказий Осиё учун энг қисқа йўл орқали денгиз коммуникацияларидан фойдаланиш, транспорт йўлакларимизни диверсификация қилиш ва шу билан маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилиш учун кенг бозорларни очиш имкониятларини таъминлашга қодир.

Афғонистоннинг минтақавий иқтисодий ҳамкорликка қўшилиши учун ёрдам бериш жуда муҳим ва Тошкент буни чин дилдан хоҳлайди. Бундан ташқари, шу нарсани тушуниш лозимки, Афғонистон ҳудудидаги таҳдидлар қанчалик кам бўлса, миллий хавфсизликни таъминлашга сарф этиладиган харажатларимиз шунчалик қисқаради. Тежалган маблағларни биз ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилиш, фуқароларимизнинг турмуш даражасини оширишга йўналтиришимиз мумкин”, - дейди Абдулазиз Комилов.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top