15:27 / 07.03.2020
35156
«Мулк» – Kun.uz дан навбатдаги мультфильм

Мулк икки турга бўлинади: хусусий ва... хусусиймас.

Хусусий дегани бу «кимникидир» дегани. Яъни мулкнинг тайинли эгаси бор дегани. Айнан шундай – эгалик мулк эҳтиёт қилинган, ювиб-таралган, яхши кўрилган мулкдир.

Агар уни биз ёш болага қиёслайдиган бўлсак, у ота-онасининг эътиборида бўлган, меҳр остида парваришланадиган, униб ўсадиган болага ўйшайди.

Демак, хусусий мулк – у хоҳ машина бўлсин, бино ёки бутунбошли фабрика – эгалик бўлгани учун юқори эҳтимол ила хор бўлмайди ва эгасига фойда келтиради.

Эгасига фойда келтирдими, демак...  жамиятга ҳам фойда келтиради.

Зеро эгаси бундай мулкни нафақат авайлайди, балки унинг кўпайиши учун ҳам уринади.

Бу эса умуммиллат мулки кўпаяди дегани.

Эгасиз мулкни ҳам ёш болага қиёслайдиган бўлсак, унда бундай мулк эътиборсиз қолган, меҳр кўрмаётган етим болага ўхшайди.

Демак, тайинли эгаси бўлмаган мулк – у хоҳ машина бўлсин, бино ёки бутунбошли фабрика – бу кўпинча қаровсиз қолган, ўсмайдиган мулк.

Зеро уни кўпайтириш учун кўпинча ҳеч ким жон куйдирмайди-да.

Мулкнинг устидан тажрибалар ҳам ўтказишган. Баъзилар мулкларни эгаларидан тортиб олиб, оммавий мулкка айлантиришган, «хусусий мулкни бекор қиламиз» деган шиор билан чиқишган.

Бу тажриба натижаси шундай бўлдики, мулкнинг тайинли эгаси мавжуд бўлмай қолди ва бир пайт келиб ҳамма жойда мулклар хор бўлиб қолди, мулк асраб авайланмайдиган, парваришланмайдиган бўлиб қолди. Ишлар изидан чиқди.

Демак, ҳар бир мулкнинг тайинли эгаси бўлсагина у нафақат авайланади, балки – кўпаяди.

Шунинг учун жамиятда мулкдорлар қанча кўп бўлса, ҳамда улар мулкларини кўпайтиришлари учун шароит қанча яхши бўлса, шунча яхши.

Минг эмас, миллионлаб одамлар қўлидаги мулкини кўпайтириш билан машғул бўлишини тасаввур этинг!

Бу дегани – бутун мамлакат мулки жадал кўпаяди дегани.

Ривожланаётган юртлар айнан шунинг эвазига ривожланишади.

Ҳозирда инсониятга хизмат қилаётган қулайликларнинг деярли ҳаммаси хусусий мулк эгалари томонидан яратилган.

Айнан мулкдорлар мулклари янада кўпайишини истаб турли, одамлар учун фойдали бўлган маҳсулот ва хизматларни ўйлаб топишади ва таклиф этишади.

Хусусий мулк эгалари бўлмаганда, буларнинг аксари юзага келмасди – инсоният эски жиҳозларни ишлатиб юрган бўларди.

Хулоса шуки, мулк хусусий қўлларда бўлса ҳамда мулкдор хусусий қўллар қанча кўп бўлса, миллий бойлик шунча кўпаяди.

Ва мамлакат қудратли бўлади.

Top