18:49 / 09.03.2020
0
11208
РПЛ. Учта пенальти, иккита четлатиш, битта автогол. «Ростов» ЦСКАни мағлуб этди
Фото: РИА Новости

Россия Премьер-лигаси 21-тури доирасидаги марказий ўйинда «Ростов» клуби ЦСКА жамоасини ўз майдонида қабул қилиб, муҳим ғалабага эришди.

Ўйиннинг 20-дақиқасида ҳамюртимиз Элдор Шомуродовни жарима майдони ичида қўполлик билан тўхтатган ЦСКА яримҳимоячиси Илзат Ахметов бош ҳакам томонидан қизил карточкага лойиқ кўрилди. Бироқ 11 метрлик зарбага яқинлашган Роман Еременко Акинфеевни доғда қолдира олмади.

25-дақиқада эса Байрамяннинг майдони марказидаги қўпол хатосидан кейин Сигурдссон тўпга эга чиқиб, дарвозабон билан деярли яккама-якка ҳолатда ҳисобни очди – 0:1.

Москваликларнинг голидан кўп ўтмай, Еременко жарима майдони чизиғи устидан кучли зарбаси билан мувозанатни тиклади – 1:1.

53-дақиқага келиб ЦСКА жамоаси майдонда 9 киши бўлиб қолишди – бу сафар Карпов майдондан четлатилди. Белгиланган иккинчи пенальтига бу сафар Попов яқинлашиб, ҳисобни 2:1 кўринишга келтирди.

Захирадан майдонга тушган Павел Мамаев ўйиннинг 63-дақиқасида ҳисобдаги фарқни оширди – 3:1. Бу гол Пашанинг узоқ танаффусдан кейин Премьер-лигадаги дастлабки голи бўлди.

Меҳмонлар 9 киши бўлиб ҳам ҳужумга ўтишда давом этишди. Натижада 77-дақиқада Чаловнинг узатмасидан кейин Осипенко ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди – 3:2.

85-дақиқада москваликлар VAR тизими орқали пенальти тепиш имкониятига эга бўлишди. Аммо Чаловнинг зарбасини «Ростов» посбони Песьяков қайтариб қолди.

Ўйин якунигача Шомуродов бир қатор хавфли вазиятлар яратган бўлса-да, бу сафар ўз ҳисобига гол ёздириб қўя олмади. Шунга қарамай, жамоаси муҳим баҳсда ғалабага эришди.

9 март (душанба)
Россия Премьер-лигаси. 21-тур

Ростов – ЦСКА 3:2
Голлар: 0:1 – 25 Сигурдссон, 1:1 – 31 Еременко, 2:1 – 53, пенальти Попов, 3:1 – 63 Мамаев, 3:2 – 77, автогол Осипенко.
Ростов – Песьяков, Чернов, Козлов, Чистяков (Саплинов, 13), Осипенко, Еременко, Зайнутдинов, Байрамян, Попов, Глебов (Мамаев, 58), Шомуродов (Прошляков, 90+3)
ЦСКА – Акинфеев, Фернандес, Карпов, Дивеев, Щенников, Ахметов, Бистрович (Кучаев, 64), Влашич, Обляков, Сигурдссон, Магнуссон.
Огоҳлантиришлар: Глебов (17), Фернандес (52), Обляков (57), Мамаев (64), Зайнутдинов (69).
Четлатиш: Ахметов (20), Карпов (51) (иккиси ҳам ЦСКА).
Амалга оширилмаган пенальти: Еременко 20 – Чалов 85.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top