17:50 / 25.03.2020
10750
Эркин Йўлдошев: Карантин қоидаларини бузганлик учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилди

Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев карантин тартиб-қоидаларига риоя қилмаган фуқароларга қонунда белгиланган энг қаттиқ жазо чоралари кўрилиши, жиноий жазо ҳам кучайтирилиб, 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилгани ҳақида маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев карантин қоидаларини бузганлик учун қонунда белгиланган жазо чораларини эслатиб ўтди.

«Қонунчиликка кўра, карантин қоидаларини бузганлик учун фуқаролар 1 млн 115 минг сўмгача, мансабдор шахслар 3 млн 345 минг сўмгача маъмурий жаримага тортилади.

Агар қилмиш одамларнинг оммавий касалланишига ёки одамнинг ўлимига олиб келса, шахс жиноий жавобгарликка тортилади. Бундай қилмиш учун Жиноят кодекси 8 йилгача озодликдан маҳрум қилишни кўзда тутади», деди Эркин Йўлдошев АОКАда ташкил этилган брифинг чоғида.

Унинг маълум қилишича, Сенатнинг 24 март куни ўтказилган ялпи мажлисида карантин қоидаларига риоя этмаслик учун жазо чораларини кучайтиришга қаратилган қонун маъқулланган.

Шунга кўра, бундан буён карантин тартиб-қоидаларига риоя қилмасдан, аҳоли соғлигига хавф солаётган фуқароларга қонунда белгиланган энг қаттиқ жазо чоралари кўрилади.

«Эндиликда карантин қоидаларини бузганлик учун маъмурий жарима миқдори фуқаролар учун 6 млн 690 минг сўмгача, мансабдор шахслар учун 11 млн 150 минг сўмгача оширилади.

Ички ишлар ва Миллий гвардия органларига эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузган ҳуқуқбузарларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ваколати берилди. Жиноий жазо ҳам кучайтирилиб, 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилди.

Бундан ташқари, карантин ва инсон учун хавфли бўлган бошқа касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш, аҳоли ўртасида асоссиз ваҳима чиқариш учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланди», дея Эркин Йўлдошевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top