17:49 / 15.04.2020
24266
Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлардан яна 8 нафари соғайди

Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан яна 8 нафари буткул соғайди ва шу вақтгача тузалган беморлар сони 107 нафарга етди.

Тузалган беморларнинг навбатдаги гуруҳи Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва бошқа масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Соғайган беморларнинг 4 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Улардан 6 нафари Тошкент шаҳридан, 2 нафари Тошкент вилоятидан. Беморлардан икки нафари Туркиядан, яна бир нафари эса Россиядан Тошкентга чартер рейси билан келишган.

Қолган беш нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. Улар орасида энг ёши каттаси 51 ёшда, энг кичиги эса 10 ёшда.

«Самарали даволаш муолажаларидан кейин, сўнгги текширувлар уларда инфекция йўқлигини кўрсатди. Уларнинг шифо топишида мазкур клиника жамоаси бирдамлиги, маҳорати ва тажрибаси ҳал қилувчи рол ўйнаганини алоҳида таъкидлаш лозим. Эътиборли жиҳати, мазкур клиникада шу пайтга қадар 56 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 64 нафарга етди.

Ҳар бир шифо топган бемор қувончидан, миннатдорлигидан куч олиб, руҳланиб, бор тажриба ва маҳоратини ишга солишаётган шифокорларимиз қаҳрамонлиги коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг навбатма-навбат соғайишини таъминламоқда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Айни пайтга қадар Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан жами 107 нафар бемор тўлиқ соғайди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top