14:39 / 12.05.2020
55472
Россия коронавирус билан касалланганлар сони бўйича дунёда иккинчи ўринга чиқди

Сўнгги 24 соат ичида Россияда коронавирус билан касалланганлар сони 10,8 минг кишига кўпайиб, 232,2 минг кишини ташкил қилмоқда. Оператив штабнинг янгиланган маълумотларига кўра, мамлакат ушбу кўрсаткич бўйича Испанияни ортда қолдириб, дунёда иккинчи ўринни эгаллади.

Фото: Михаил Терещенко/ТАСС

Ўтган кун давомида Россияда яна 10 899 киши коронавирус билан касаллангани аниқланди, мамлакатда эпидемия бошланганидан бери 232,2 минг кишида COVID-19 аниқланди, дейилади тезкор штаб хабарида.

Шу тариқа, Россия дунёда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари сони бўйича иккинчи ўринни эгаллади. Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, фақатгина АҚШда кўпроқ одамда касаллик аниқланди - 1,3 млн киши. Ушбу рўйхатда Россия 227,4 минг касаллик қайд этилган Испанияни ортда қолдирди. Аммо, бу мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги 12 майдаги ҳолат бўйича коронавирусга оид статистикани ҳали янгиламади.

Дунё бўйича COVID-19 ҳолатлари ҳақида маълумот тўплайдиган Worldometers сайтига кўра, Россия касалланиш ҳолатлари сони бўйича учинчи ўринда турибди. Унинг маълумотига кўра, Испания юқтириб олганлар сони бўйича Россиядан ҳали ҳам олдинда: ушбу давлатда 268 минг киши инфекцияни юқтириб олган.

Буюк Британиядаги ҳолатлар сони бўйича расмий маълумотлар ҳам 11 май оқшомидан бери янгиланмади - ўша пайтда мамлакатда 223 минг киши рўйхатга олинганди. Италия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳали 12 май статистикасини тақдим этмади. Вазирлик маълумотларига кўра, 11 май ҳолатига кўра мамлакатда 219,8 минг касаллик ҳақида маълумот бор.

Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, эпидемия бошланганидан бери 4,1 миллиондан ортиқ одам COVID-19’ни юқтирди, 286,3 минг киши вирус туфайли келиб чиққан асоратлардан вафот этди. Қурбонларнинг аксарияти АҚШда рўйхатга олинган - 80,6 минг киши, ундан кейин Буюк Британия - 32,1 минг киши ва Италия - 30,7 минг киши.

Россияда охирги 24 соат ичида коронавирус билан касалланган яна 107 бемор вафот этди. Эпидемия бошлангандан бери мамлакатда жами 2116 киши ҳаётдан кўз юмди. Ўлганлар сони бўйича Россия дунёда 18-ўринда турибди.

Россия ҳукумати юқтирганлар сонининг кўпайишини мамлакатда COVID-19 бўйича кўпроқ тестлар ўтказиш бошлангани билан изоҳлади. Хусусан, Москвада битта эмас, балки 14та марказ очилди, у ерда таҳлиллар тадқиқоти олиб борилади, дея хабар қилди тезкор штаб. Москва мэри ўринбосари Анастасия Ракованинг сўзларига кўра, шаҳарда кунига 40 мингга яқин тест ўтказилмоқда.

Ўтказилган тестлар сонининг кўпайиши юқтирган кишиларнинг кўпроқ аниқланишига олиб келди, деди Москва мэри Сергей Собянин. «Сўнгги вақт биз фуқароларни тестдан ўтказишни кўпайтирдик. Аниқланишнинг ўсиши бўйича динамика касаллик кўпайганини тўғридан-тўғри кўрсатмайди», - дея тушунтирди у.

Умуман олганда, 12 май ҳолатига кўра, Россияда коронавирус бўйича 5,8 миллиондан ортиқ тест ўтказилди.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top