01:14 / 13.05.2020
11641
Банк тизимини ислоҳ қилишнинг 5 йиллик стратегияси тасдиқланди

Президент Шавкат Мирзиёев 12 май куни «2020–2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги фармонга имзо чекди.

Фото: Shutterstock

Фармон билан тегишли стратегия ва уни амалга ошириш бўйича йўл харитаси тасдиқланди.

Ҳужжат асосида келгуси 5 йил давомида банк соҳасини ўзгартиришнинг концептуал асослари, тамойиллари ва йўналишлари белгиланди.

Унга кўра, банк соҳасида ўрта муддатли ислоҳотларнинг асосий йўналишлари қуйидагилар:

  • секторни қайта қуриш – банкларни ўзгартириш ва хусусийлаштириш;
  • банк назорати бўйича Базель қўмитаси стандартларини, молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларини ва бошқаларни жорий этган ҳолда қонунчилик базасини такомиллаштириш;
  • мижозларга йўналтирилган хизматлар, кредитлаш механизмлари ва бизнес жараёнларини автоматлаштириш орқали хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва кенгайтириш;
  • кадрлар малакасини ошириш.

2025 йилга бориб қуйидаги мақсадларга эришиш кўзда тутилган:

  • банк тизими активларининг жами ҳажмида давлат улуши бўлмаган банклар активлари ҳиссасини жорий 15 фоиздан 2025 йилга келиб 60 фоизгача ошириш;
  • банклар мажбуриятларининг умумий ҳажмида хусусий сектор олдидаги мажбуриятлар ҳиссасини жорий 28 фоиздан 2025 йил якунига 70 фоизгача ошириш;
  • 2025 йилга келиб давлат улуши мавжуд камида учта банк капиталига зарур тажриба, билим ва нуфузга эга камида учта стратегик хорижий инвесторларни жалб қилиш;
  • умумий кредитлаш ҳажмида нобанк кредит ташкилотлари улушини жорий 0,35 фоиздан 2025 йилга келиб 4 фоизгача ошириш.

Стратегия Жаҳон банки экспертлари ёрдамида Молия вазирлиги ва Марказий банк мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган. Бунда халқаро амалиёт ва ёндашувлар, жумладан, МДҲ ва Шарқий Европа тажрибаси ҳисобга олинган.

Top