00:21 / 24.06.2020
27296
Каттақўрғон шаҳри ва Сариосиё туманига кучли шамол ёпирилди: кўплаб бинолар талафот кўрган

23 июнь, сешанба куни Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри ва Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида кучли шамол кузатилиб, бир неча ўнлаб биноларга талафот етди.

Фото: Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги

23 июнь куни соат 17:00 атрофида Каттақўрғон шаҳрида кучли шамол ёпирилган.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг Kun.uz`га маълум қилишича, шамол оқибатида шаҳардаги 6та ташкилот ва корхонага тегишли объектларнинг, шунингдек, 6та кўп қаватли биноларнинг том қисми шикастланган.

Аҳоли орасида табиий офатдан жабрланганлар йўқ.

Фото: Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги

Айрим ҳудудларда дарахтлар ҳам қўпорилиб, автомобиль йўлига қулаган. Шунингдек, бир неча симёғочлар қулаб, электр таъминоти ишдан чиққани сабабли шаҳарнинг айрим ҳудудларида электр энергияси ва сув  таъминоти узилган.

Ҳодиса оқибатларини бартараф этиш учун учта фавқулодда вазиятлар бўлими экипажи етиб келган. Бир неча соат ўтиб, электр энергияси таъминоти тикланган. Ичимлик суви таъминоти эса 24 июнь куни эрталабдан тикланиши эълон қилинган.

Фото: Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги
Фото: Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги

Талафот кўламини аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова раҳбарлигида ишчи гуруҳ зарарланган объектларга етиб борган.

Шунингдек, 23 июнь куни Сурхондарёнинг Сариосиё туманида ҳам кучли шамол оқибатида қатор бинолар талафот кўрган.

Хусусан, тумандаги Хонжиза маҳалласида 20дан ортиқ аҳоли хонадонларининг том қисмини кучли довул учириб юборган. Табиий офатдан тумандаги 85-умумтаълим мактаби том қисми ҳам жиддий зарарланган.

Top