09:58 / 25.08.2020
22755
Зафаробод туман ҳокимлиги иш юритувчиси 8000 доллар билан ушланди

Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар Жиззах вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасига топширилди.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

2020 йилнинг 19 август куни Жиззах вилояти ИИБга Жиззах вилояти Пахтакор тумани, "Пахтакор" маҳалласи, Гулбаҳор кўчасида яшовчи С.А ариза билан мурожаат қилган, деб хабар бермоқда ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси.

У ўз аризасида жорий йилнинг 17 август куни ўзини Жиззах вилояти Зафаробод тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари "Маъмур" деб таништирган шахс "Бўстон" маҳалласи ҳудудида 40 сотих бўш ер майдони борлигини, ушбу ерга тўйхона қурилиши учун туман ҳокимининг қарорини чиқартириб беришини айтиб, эвазига ундан 12.000 АҚШ доллари талаб қилаётганлигини баён қилиб, бу шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур аризага асосан шу куни ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ва Жиззах вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида Жиззах вилояти Зафаробод туман ҳокимлиги иш юритувчиси лавозимида ишловчи, М.Б. С.А.дан талаб қилган 12.000 АҚШ долларидан 8.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ушланиб, ундан ашёвий далил сифатида 8.000 АҚШ доллари ҳамда аризачи С.А.га тегишли бўлган фуқаролик паспорти нусхаси олинди.

Ушбу ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар Жиззах вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасига қонуний чора кўриш учун топширилди.

Top