Давлат тест маркази 2-3 сентябрь кунги тест синовларида тест топшириқлари расмга олиниб, интернетда тарқалгани бўйича текширув ўтказди.

Компьютер тақсимотидан аниқланишича, ушбу саволлар китоблари қуйидаги гуруҳларга юборилган:
- 2 сентябрь куни Фарғона вилояти 4-сектор (Марғилон шаҳри)да 1-сменада тест топшириши белгиланган 159-гуруҳ;
- 3 сентябрь куни Андижон вилояти 6-сектор 1-сменада тест топширилиш белгиланган 125-гуруҳ;
- 3 сентябрь куни Хоразм вилояти 1-сектор 1-сменада тест топширилиш белгиланган 26-гуруҳ.
«Тезкор ҳаракат асосида ҳолатни амалга оширган абитуриентларнинг барчаси аниқланган ва уларнинг уч нафари жараён давомида, бир нафари жараёндан кейин четлатилган», – дейилади ДТМ хабарида.
Марказ 5 сентябрь куни Тошкентда назоратчининг абитуриентга ёрдам бергани ҳолати аниқлангани ҳақида ҳам хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган сурат бўйича текширув ўтказилганда, ҳақиқатан ҳам 5 сентябрь куни пойтахтдаги Талабалар шаҳарчаси хиёбонида, 1-сменада ўтказилган тест синовларида қоидабузарлик юз бергани етарли далил-исботлар билан тасдиқланган.
«Ушбу жараёнга дахлдор барча шахслар аниқланди ва чора кўрилиши учун тегишли ташкилотга тақдим этилган», – дейилади хабарда.
Аввалроқ ЎТМ гуруҳ назоратчиси парта тагига нарса қўйгани акс этган видеога ҳам изоҳ бериб, назоратчи парта тагига телефон ёки бошқа тақиқланган буюм эмас, тиббий ниқоб эканини билдирганди.