00:53 / 27.09.2020
13298
ОЧЛ. «Пахтакор» «Истиқлол»ни мағлуб этиб, чоракфиналга йўлланма олди

Қатарда ўтаётган Осиё Чемпионлар лигаси нимчоракфинал босқичи доирасида «Пахтакор» Эроннинг «Истиқлол» клубини мағлуб этиб, мусобақанинг чоракфинал босқичига йўлланма олди. 

Учрашувнинг 32-дақиқасида ҳисоб форслар томонидан очилди. Али Каримининг жарима зарбаси олдида Элдор Суюнов ожиз қолди – 0:1.

43-дақиқага келиб мувозанат тикланди. Ҳожиакбар Алижоновнинг узатмасини Драган Черан бош билан дарвозага йўллади – 1:1.

Иккинчи бўлимни ҳужумкор бошлаган вакилларимиз 47-дақиқада ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Эрен Дердийўқнинг кучли зарбасини эронликлар посбони қайтара олмади – 2:1.

Учрашувнинг қолган дақиқаларида ўйиндаги устунликни ўз назоратида сақлаган Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони муҳим ғалабага эришиб, чоракфинал йўлланмасига эга чиқди. 

Тошкент жамоаси бу билан 11 йилдан буён қайд эта олмаган натижасига эришди. «Пахтакор» охирги марта 2009 йилда Осиёнинг энг нуфузли турнири чоракфинал босқичида тўп сурган эди. Орадан 11 йил ўтиб, клуб камида Осиёнинг энг яхши саккиз клуби сафига қайтди. 

«Пахтакор»нинг чоракфиналдаги рақиби 28 сентябрь куни аниқланади. ОЧЛнинг чоракфиналга чиққан яна икки клуби бугун, 27 сентябрь кунги ўйинлардан кейин аниқ бўлгач, душанба куни Қатар пойтахти Доҳада чоракфинал босқичига қуръа ташланиб, жуфтликлар маълум бўлади.

«Пахтакор» чоракфинал ўйинини 30 сентябрь куни Доҳадаги «Жассим бин Ҳамад» стадионида ўтказади. 

26 сентябрь (шанба)
ОЧЛ. 1/8 финал

«Пахтакор» - «Истиқлол» (Эрон) - 2:1
Ҳакам:
Аҳмад Абу Бакар Саид Ал Каф (Уммон)
Голлар: Драган Черан 43, Эрен Дердийўқ 48 - Али Карими 32. 

«Пахтакор»: 25.Элдор Суюнов, 3.Ҳожиакбар Алижонов, 5.Анзур Исмоилов, 9.Жалолиддин Машарипов, 10.Драган Черан, 15.Егор Кримец, 17.Достонбек Ҳамдамов (99.Жавоҳир Сидиқов, 74), 20.Одил Ҳамробеков, 27.Сардор Собирхўжаев, 34.Фаррух Сайфиев, 77.Эрен Дердийўқ (11.Игорь Сергеев, 74). 

«Истиқлол»: 1.С. Ҳусейни, 3.Милад Закипури, 4.Рўзбеҳ Чашмий, 5.Ориф Қулами, 6.Али Карими, 7.Шейк Диабате, 8.Фаршид Исмоили (17.Закариа, 69), 10.Меҳди Ғоеди, 66.Масъуд Риқи (14.Фаршид Багери, 80), 70.Муҳаммад Донишгар, 72.А. Мотаҳҳари (Араш Ризованд, 53).

Top