17:39 / 11.11.2020
4529
7та трансформатор ишдан чиққан: Тошкентнинг Самарқанд дарвоза маҳалласи чироқсиз қолди

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани электр тармоқларига қарашли трансформаторларда носозлик келиб чиқиши оқибатида тумандаги Самарқанд дарвоза маҳалласи камида 16 соатдан буён электрсиз қолмоқда, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

Электр йўқлигини маҳаллага кираверишдаги светофор ишламаётганидан билса бўлади. Ҳолат ҳайдовчи ва пиёдаларга ноқулайлик туғдирмоқда: кираверишдаги чорраҳада машиналар бир-бирига йўл бермай, тушунмовчиликлар юзага келган.

Самарқанд дарвоза маҳалласи Термиз кўчасида яшовчи аҳолининг айтишича, 11 ноябрга ўтиш соатларида ўчган чироқ куннинг иккинчи ярмига келиб ҳам ёнмаган.

Аҳоли ва аҳолига хизмат кўрсатувчи дўконлар, дорихоналар ва бошқа шохобчалар бундан азият чекишаётганини айтишди. Шунингдек, электр энергияси учун тўловни олдиндан амалга оширишларини таъкидлаб ўтишди. Шу ерда жойлашган гўшт дўкони сотувчиси гўштларининг сифати бузилишидан хавотирдалиги ҳақида гапирди.

«Светимиз кеча кечқурун ўчган. Эрталабгача свет бўлмади. Азонда телефон қилсам, тушгача келади, дейишди. Лекин мана, ҳалигача ёнмади. Қишда кўп ўчади светимиз. Газдан ҳам, «свет»дан ҳам муаммо жуда кўп», – дейди шу кўчада истиқомат қилувчи Наргиза Содиқова.

Шайхонтоҳур тумани электр тармоқлари корхонаси бош муҳандиси Зафар Аҳмедовнинг сўзларига кўра, корхонага кечаси соат 2:00ларда Самарқанд дарвоза маҳалласи фуқароларидан ариза тушган. Маълум бўлишича, 7та трансформатор ишдан чиқиши оқибатида маҳалла чироқсиз қолган.

«Тезлик билан ходимларни уйдан чақирдик. Тун бўйи иш олиб бориб, ҳозирда 4 та трансформатор ишга тушди. Қолган 3 тасини ҳам бир соатларда тугатилади», – деди бош муҳандис.

Унга кўра, ҳудудларда электр энергияси бўлмаганда корхона диспетчерлари томонидан йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига хабар берилади ва йўллардаги ноқулайликлар бартараф этилади.

«Бевосита ЙҲХХ билан бирга ишланади. Бугунги ҳолатда эса светофорлар ишламаётган жойда бу ходимларга кўзимиз тушмади», – деди Зафар Аҳмедов.

Top