Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ва Германиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Гюнтер Лео Оверфелд ўртасидаги учрашувда маълумот берилди.

“Германия Ўзбекистоннинг муҳим ҳамкори ҳисобланади. Коронавирус пандемиясига қарамай, икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий, сиёсий, ижтимоий-маданий муносабатлар йўлга қўйилди. Парламентлараро муносабатлар ҳам ривожланмоқда, бироқ имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Барча йўналишларда халқаро шартномаларни тезроқ ратификация қилишда муҳим рол ўйнайдиган алоқаларни мустаҳкамлаш зарур”, – дейди Олий Мажлис Сенати раиси.
Германия элчисининг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати томонидан пахта йиғим-теримида ва умуман инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида муҳим қадамлар ташланмоқда.

Хабарга кўра, Германия ҳамкорлик доирасида пандемия шароитида соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга 180 млн. евро икки йилга ажратган. 2021 йилнинг иккинчи ярмида Термизда Ўзбекистон ва Афғонистон ҳамшираларини ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув марказини очиш режалаштирилган. Шунингдек, навбатдаги лойиҳа доирасида давлат бошқаруви, шу жумладан, хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ролини кучайтириш учун 10 млн. евро ажратилади.

