17:38 / 02.12.2020
17434
Тошкент вилоятида уй қамоғидаги шахснинг зиёфатида қатнашган судьялардан бири кейинроқ уни озодликка чиқаргани маълум бўлди. Судьялар жаримага тортилган

Ангреннинг Маъмурий ва жиноят судлари раислари 669 минг сўмдан маъмурий жаримага тортилгани маълум бўлди

Олий суд матбуот хизмати Тошкент вилоятида озодликни чеклаш жазосини ўтаётган шахснинг зиёфатида қатнашган судья кўп ўтмай уни озодликка чиқаргани ҳақидаги хабар юзасидан маълумот берди. Маълум қилинишича, «Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси» талабларини бузган Жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судининг раиси ва Ангрен шаҳар маъмурий судининг раисига нисбатан жазо қўлланган. 

«Жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар суди раиси Т.Ҳ. ва Ангрен шаҳар маъмурий судининг раиси Э.П. 2020 йил 25 май куни соат тахминан 19:30ларда кечки овқатланишга таом олиб кетиш учун Ангрен шаҳрида жойлашган «Замин» кафесига боришиб, буюртма берилган овқатни тайёр бўлишини кутиб туришган вақтда олдиларига нотаниш йигит келиб, туғилган куни эканлигини айтиб, зиёфат ўтказилаётган хонага таклиф қилган ва улар тадбирга кириб ўтиришган.

Ўтказилган хизмат текшируви жараёнида судьяларни зиёфатга таклиф қилган шахс жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар судининг 2019 йил 8 апрелдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 25,169-моддаси 4-қисми «а», «в» бандлари билан озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган Д.Н. эканлиги, бу зиёфат унинг туғилган кун тадбири эканлиги маълум бўлган.

Улар бу ҳаракатлари билан «Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси» қоидалари ҳамда карантин даврида мажбурий қоидалар талабларини бузишган.

Судьялар олий кенгашининг 2020 йил 17 июндаги хулосасига кўра, жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судининг раиси Т.Ҳ. ва Ангрен шаҳар маъмурий судининг раиси Э.П.ни маъмурий жавобгарликка тортишга рухсат берилган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судлари судьялари малака ҳайъатининг 2020 йил 17 июлдаги қарорига мувофиқ, Т.Ҳ. ва Э.П.ни МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортишга розилик берилган.

Т.Ҳ. ва Э.П. МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликлари учун, уларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари - 669 000 сўм миқдорида жарима жазоси қўлланилган», деб хабар бермоқда Олий суд матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Олий судида 30 ноябр куни бўлиб ўтган конференцияда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташева судьяларнинг жиноий унсурлар билан киришиб кетиш ҳолатлари учраб тургани, агентлик тизимда манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари мавжудлигини аниқлагани ҳақида маълумот берганди.

«Масалан, 2020 йил май ойида Тошкент вилояти шаҳарларидан бирининг судьялари Л.Н ва Р.О. карантин қоидаларини қўпол равишда бузган ҳолда, жиноий унсурлар вакили, бир неча марта судланган Д.Н.нинг туғилган кунини нишонлаш учун кафеда 100 нафардан ортиқ шахс иштирокида ташкил этилган зиёфатга борган. Эътиборлиси – судьялар Д.Н.нинг ўша вақтда навбатдаги жинояти учун озодликни чеклаш жазосини ўтаётганлигидан хабардор бўлган. Ачинарлиси, мазкур судья маҳкум Д.Н.га нисбатан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқиб, уни озодликка чиқарган», дея Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосарининг сўзларини келтирганди Daryo нашри.

Daryo нашрида 2 декабр куни Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидовга асослаб берилган хабарга кўра, Тошкент вилоятида озодликни чеклаш жазосини ўтаётган шахснинг зиёфатида қатнашган судьялар жаримага тортилган ва лавозими пасайтирилган.

Top