11:25 / 12.12.2020
5241
«Ўзбектелеком» вакили: «Бугунги мижоз интернетга уланишни 6 ой ёки 1 йил кута олмайди»

АОКАда ташкил этилган матбуот анжуманида «Ўзбектелеком» АЖ масъуллари интернет масаласида аҳолидан тушаётган мурожаатлар бўйича фикр билдирди.

«Ўзбектелеком» АЖ бош директорининг тижорат масалалари бўйича ўринбосари Алишер Зуфаров сўзларига кўра, мижоз мурожаат қилганда қонун билан белгиланган муддатда жавоб берилади. 

«Биргина жавоб бериш эмас, балки 15 кун ичида шу масала ҳал бўладими, йўқми шунисига ҳам эътибор қаратилади. Авваламбор, мижозга бу масала ечилиши учун қанча вақт талаб қилиниши ҳақида ҳам маълумот берамиз. Шунингдек, ўзимизда ҳам тасдиқланган ривожлантириш дастуримиз мавжуд. Шунга қараб қайси ҳудудлар, маҳаллалар қайси вақтда бажарилиши белгиланган. Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда интернетга талаб ортиб боряпти. Етиб бориш қийин бўлган олис ҳудудлар бор. Уларни ҳам ҳисобга олган ҳолда режамизни босқичма-босқич амалга ошириб боряпмиз. 

Алишер Зуфаров

Бугунги мижоз интернетга уланишни 6 ой ёки 1 йил кута олмайди. Буни ҳам тушуниб турибмиз. Бундай мурожаатлар жуда ҳам кўп. Шунинг учун режадаги ишларни яна ҳам вақтлироқ бажаришга ҳаракат қиляпмиз. Бунинг учун қўшимча ишчи кучи ва қурилмалар ҳам жалб қилиняпти. 

Мобил алоқа қамровига келадиган бўлсак, бу ерда икки нарсани инобатга олиш керак. «Ўзбектелеком» компанияси ҳам мобил алоқа, ҳам симли алоқа хизматини кўрсатади. Мобил алоқа хизмати уйда ёки хонада эмас, ҳаракатда бўлганда фойдаланиш учун мўлжалланган. Шунинг учун абонентларга юқорироқ сифатли интернетдан фойдаланмоқчи бўлса, симли интернетдан фойдаланишни тавсия этган бўлардик. Чунки мобил алоқа хизмати бинонинг қалинлиги, жойлашиши, рельеф каби жуда кўп факторларга боғлиқ бўлади», - дейди «Ўзбектелеком» вакили.

Top