Форум ташкилотчилари Kun.uz’га хабар қилишича, форумнинг биринчи кунида ҳукумат вакиллари иштирокида бир қатор давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар ташкиллаштирилади.
Жумладан, бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев иштирокида «Тошкентнинг маданий ва туристик қиёфаси–2030» мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Унда вазирлар яқин келажакда Ўзбекистоннинг туризм, маданият ва спорт соҳалари қандай бўлиши, келгусидаги режалар ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашади. Учрашув 18 декабр куни Tashkent City Congress Hall’нинг «Шош» залида ўтади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ўтказилаётган йирик тадбир доирасида ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, санъат ва маданият вакиллари, хорижий экспертлар иштирокида ташкил қилинаётган форумда илк марта ҳукумат аъзолари билан ёшларнинг учрашуви ўтказилиб, улар ўзаро очиқ мулоқотга киришилади. Ушбу мулоқотларда 5 минг нафарга яқин ёшлар ўз соҳаларида таклиф ва тақдимотлар билан иштирок этишади.










