13:08 / 04.03.2021
11006
«Тизим характери ва бошқарувни марказлаштиришга уриниш». Содиқ Сафоев 1996 йилда конвертация ёпилишига нима сабаб бўлганини тушунтирди

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Кирилл Алтманнинг «Alter Ego» лойиҳасига интервью берди. Суҳбат давомида 1996 йилда валюта конвертацияси нима сабабдан ёпилгани айтиб ўтилди.

«1990-йиллар бошида хусусий фаолиятга рухсат берилганининг ўзи катта иқтисодий фактдир. Иқтисодий сиёсатдан қатъи назар, исталган режимда одамларга ишлаш, ишлаб чиқариш, савдо қилиш, сафарга чиқиш эркинлигининг тақдим этилиши, ҳукумат саъй-ҳаракатларига қарамай, иқтисодиётда кучли жараёнларга туртки беради. 1990-йилларнинг бошида айнан шу юз берди, социалистик мулк монополияси йўқ бўлганда одамлар иқтисодий эркинликни ҳис қилди. Шунинг ўзи кучли турткига айланди. 

1996 йилда валюта конвертацияси ёпилди, тизим ўзгарди. Валюта конвертациясининг ёпилишига шундай изоҳ берилганди: биз олтин-валюта ресурсларини сақич харид қилишга сарфлай олмаймиз. Бироқ, шундан кейин сақич олиб киришнинг ҳажми янада ошганди. Афтидан, бу ерда тизим характери, бошқарув тизимини марказлаштиришга уриниш ва ресурсларни тақсимлаш жиҳатидан давлатнинг иқтисодиётдаги ўрнини монополлаштириш рол ўйнади. 

Конвертация марказий орган томонидан назорат қилинганда, хусусий компанияларда ривожланиш учун ресурслар қолмайди. Бу масалаларнинг ҳаммаси давлат томонидан тартибга солина бошланди. Бу эски «госплан» ёндашуви ва бу одамлар қандай тарбияланганини кўрсатувчи рефлекс. Яъни, ақлли одамлар гуруҳи бор ва айнан улар жамият қандай ривожланишини ҳал қилади, деган фикр. Охир-оқибат хусусий тадбиркорлик фаолияти сиқиб қўйилди, шу сабабли нормал молиявий тизим, банк тизими яратилмади», деди Содиқ Сафоев.

Маълумот учун, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 2 сентябр куни «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи галдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолаган.

Фармонга кўра 2017 йилнинг 5 сентябридан бошлаб юридик шахслар жорий халқаро операциялар бўйича хорижий валютани тижорат банкларидан чекланмаган миқдорда харид қилишлари мумкин. Жисмоний шахслар ҳам тижорат банкларининг конверцион бўлимларида хорижий валютани эркин сотиш ва харид қилишлари мумкин. 

Top