16:08 / 06.03.2021
7060
«Пансионат ёнида боғ барпо этамиз. Бу ерда яшовчилар доимий эътиборда бўлсин» - Президент Олмазор туманидаги «Саховат» уйига борди

Жорий йилнинг 6 март куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги уруш ва меҳнат фахрийлари «Саховат» уйига ташриф буюрди ва бу ердаги нуронийлар билан учрашди.

Фото: Kun.uz / архив

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, учрашув давомида давлат раҳбари республикадаги барча «Саховат» уйларига оид режалар билан танишди ҳамда ўз тавсияларини берди.

Қайд этилишича, ташрифнинг алоҳида қисмида шу масканда доимий яшовчилар билан суҳбат уюштирилди ва унда давлат раҳбари барчанинг фикрини бирма-бир тинглади.

«Бу пансионат ёнида боғ барпо этамиз, мана, шаҳар ҳокими ҳам шу ерда, тез орада лойиҳасини қабул қиламиз. Бундай масканларда фаолият юритувчи тиббий ходимлар маошини ошириш масаласини ҳам алоҳида кўриб чиқамиз. Маданият ходимлари, хонандалар фақат бугунгидек байрамларда эмас, балки ҳар ой келиб, кўнгилочар тадбирлар уюштирсин. Ёзувчилар уюшмаси янги китоблар тақдим этсин, учрашувлар ўтказсин. Шундай қилайликки, бу ерда яшовчилар доимий эътиборда бўлсинлар», дея президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Таъкидланишича, йиғилганлар президентга эътибор учун миннатдорчилик изҳор этишган.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида Наманган шаҳридаги «Саховат» уйини ҳам бориб кўрганди.

«Менга Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси бирдек қадрли. Менга «Саховат» уйларига эҳтиёжи бўлган нуронийлардан жуда кўп хатлар келади. Шуларни инобатга олиб, ижтимоий ҳимояни кучайтирамиз. 4 ой ичида Наманган шаҳрида «Саховат» уйи учун янги бино қуриб берилади. Сизлар муносиб шароитларда яшайсиз, даволанасиз. Сизларга соғлиқ ва узоқ умр тилайман», деган давлат раҳбари.

Top