14:46 / 18.03.2021
5548
Сурхондарёда одамларнинг чорва молларини ўзлаштирган шахсларга жиноят иши қўзғатилди
Фото: KUN.UZ

Сурхондарё вилояти Музработ туманида одамларнинг ишончига кириб чорва молларини ўзлаштириб юборган шахсларга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси маълум қилмоқда.

Музработ тумани ички ишлар бўлими тергов бўлинмасининг хабарига кўра,  2021 йилнинг 12 март куни туманнинг Гулистон маҳалласида яшовчи, Х.Ф. ва С.Ж. ҳамда Алпомиш маҳалласида яшовчи, Ж.Х.лар, 2020 йилнинг декабр ойидан 2021 йилнинг феврал ойига қадар бўлган вақт оралиғида вилоятнинг бир қатор ҳудудларида одамларнинг ишончига кириб, уларнинг чорва молларини ўзлаштириб кетган.

Жумладан, Ангор тумани Охунбобоев маҳалласида яшовчи, И.Қ., Музработ тумани Янгидиёр маҳалласида яшовчи, Ж.А. ва бошқаларнинг жами 102 миллион сўмлик чорва молларини савдолашиб, пулларни 1 ойда беришни ваъда қилиб, олиб кетган. Аммо айтилган вақтдан ўтиб кетса-да, пулларни эгаларига етказмаган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан 2021 йил 12 март куни Х.Ф., С.Ж. ва Ж.Х.ларга нисбатан жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Top