18:40 / 31.03.2021
1398
Қўқонда сув таъминоти корхонаси ходими фирибгарлик устида ушланди

Қўқон шаҳрида тадбиркордан фирибгарлик йўли билан пул ундирмоқчи бўлган сув таъминоти корхонаси ходими ДХХ ходимлари томонидан жиноят устида ушланган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ахборот хизматининг хабар беришича, Департаментнинг Қўқон шаҳар ҳамда ДХХнинг Қўқон шаҳар бўлимлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилган. 

Таъкидланишича, “Фарғона сув таъминоти” МЧЖ Қўқон шаҳар бўлими назоратчиси К.Р. шаҳардаги МЧЖлардан бирига қарашли турар-жой биносини ичимлик суви тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, сувдан ноқонуний фойдаланганлиги бўйича расмийлаштирилган далолатномани йўқ қилиб бериш, шунингдек, ичимлик суви тармоғига қайта улаб беришни ваъда қилиб, тадбиркордан 4,1 млн. сўм миқдорида пул сўрайди. Назоратчи К.Р. мазкур пулларни фуқародан фирибгарлик йўли билан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан К.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top